ИИВ фаолиятига оид ҳисоботлар
Ички ишлар органларининг бошқарув тизими тўлиқ мақбуллаштирилиб, 85 фоиз (илгари 54 %) шахсий таркиб бевосита аҳоли учун қулай жойларда хизмат қилиниши таъминланди. Бунинг учун ҳар 35-40 минг аҳолига фаолият кўрсатадиган қўшимча 261 та янги (илгари 108 та) ички ишлар бўлимлар (ГОМ) ташкил этилди. Йирик бозорлар, савдо мажмуалари ва аҳоли гавжум жойларда маҳаллий бюджет ҳисобидан 41 та янги ички ишлар бўлинмалари ташкил этилди. Ҳар бир раҳбар ва ходимнинг жиноятчиликка қарши курашишга бўлган қараши тубдан ўзгарди. Уларнинг кундалик хизмат фаолияти рақам ва фоизлар орқасидан қувиш эмас, балки фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш биринчи навбатдаги вазифага айланди. Жиноятчилик статистикасини юритишда халқаро ҳамжамият умумэътироф этилган ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисобланиши йўлга қўйилди. Аҳоли сони 32 млн 120 мингдан 34 млн 860 мингга кўпайган. 2021 йил 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 132 та жиноятлар тўғри келган. Криминоген вазиятни холисона таҳлил қилиш, жиноятларни яширмаслик мақсадида, ходимлар ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар ижобий натижа сифатида баҳолаш тизимига ўтилди. 2021 йил 6 ойида 2017 йилнинг 6 ойига нисбатан қарийб икки баравар кўп (8 592 / 15 321) жиноятлар аниқланган. Тизимдаги барча соҳавий хизматлар қайтадан ислоҳ этилди. Замон талабидан келиб чиқиб, хавфсиз туризмни таъминлаш, пробация, суриштирув ва кибержиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган бўлинмалар янгитдан жорий этилди. Бунинг учун, ҳар бир маҳаллага бир нафардан профилактика инспектори ажратилиб, уларнинг сони 9 784 нафаргача (илгари 5 867) етказилди ва ўртача 3,5 минг аҳолига (илгари 5,5 минг) хизмат қилиниши таъминланди. Уларнинг узлуксиз хизмат фаолияти амалга оширилиши учун 6 787 та хизмат уйлари ва 7 388 та шахсий автомашина харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Профилактика инспектори маҳалла раиснинг ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича ўринбосари этиб белгиланди. Хотин-қизларнинг қонуний манфаатларни рўёбга чиқариш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 362 нафар аёллар масалалари бўйича инспекторлар фаолияти йўлга қўйилди. (илгари бу вазифани профилактика инспектори бажарган) Маҳалладаги хавфсизлик ҳолати ҳар ойда аҳоли томонидан, бу борада амалга оширилган ишлар натижалари эса Халқ депутатлари туман-шаҳар кенгашлари томонидан баҳолаб бориш амалиёти йўлга қўйилди. 2017 йил 6 ойига нисбатан жиноятлар содир этилмаган маҳаллалар сони 3 855 тадан (жами 9 015 та, 42,7 %) 4 559 тага (жами 9 251 та, 49,3 %) кўпайган. Жиноятларни фош этиш борасидаги ҳар бир (7 та) процессуал ҳаракатларни аудио- видеоқайд этиш мажбурийлиги белгиланиб, соҳага илғор криминалистик воситалар, масофадан туриб сўроқ қилиш ҳамда мобиль тергов қилиш платформалари жорий этилди. Ички ишлар органларига келтирилаётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли таъминлаш учун жами 1 123 та алоҳида “Сўровхоналар” ташкил этилди ва барчаси видеокамераларга узлуксиз ёзиб олиниши қатъий белгилаб қўйилди. Тор доирадаги соҳа мутахассислиги бўйича жиноят ишларини тергов қилиш сифатини ошириш мақсадида, йўл-транспорт ҳодисалари, фирибгарлик, кибержиноятчиликка ихтисослашган алоҳида бўлинмалар ташкил этилди ва ўзига хос жиноятларни тергов қилиш методикаси яратилди. Жазони ижро этиш муассасаларида 3 мингдан зиёд видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Маҳкум ва ҳибсга олинганларга адвокатлар ва Омбудсман билан ҳеч қандай монеликсиз учрашув қилиш учун имкониятлар яратилди. Замон талабига жавоб бермайдиган 4 та колониялар, шу жумладан аҳоли орасида салбий ном топган “Тоштурма” ва “Жаслиқ” колониялари тугатилди. Маҳкумларга сайлаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта олиш, касб эгаллаш, сифатли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи берилди. Уларни меҳнатга тўлиқ жалб этиш орқали жамиятнинг муносиб вакили сифатида шакллантириш учун 114 та янги цехлар ташкил этилиб, қўшимча 4 896 та янги иш ўринлари яратилди. Содир этган жиноятдан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 4 973 нафар маҳкумлар афв этилиб, уларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш ишлари йўлга қўйилди. III. Жамоат хавфсизликни таъминлаш борасида ички ишлар органларининг Миллий гвардия ва жамоатчилик билан ҳамкорликда 3 босқичли патруллик хизмати ташкил этилди. Жамоат жойларидаги вазиятни кузатиб бориш учун 16 та “Вазиятлар марказ”лари ташкил этилиб, уларга кўчалар, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларга ўрнатилган 100 мингдан зиёд видеокамера ва 8 мингдан ортиқ тезкор чақирув тугмалари интеграция қилинди. Жамоат жойларида хавфсизликни “инсон омили”ни истисно этган ҳолда таъминлаш учун, йўл-патруль ва пост-патруль хизмати ходимлари 6 100 та “бодикамера”, 179 та алкотестер, 6 514 та ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи планшетлар билан таъминланди. Автомобиль йўлларда қоидабузарликларни аниқлаш учун 1 096 та видеокамералар ва 184 та радар мосламалари ўрнатилди. Фуқароларга қоидабузарликни қайд этишга рухсат берилди. Аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган 12 та давлат хизматлари интерактив усулга ўтказилди. Транспорт воситаларининг ойна тусини ўзгартириш (қорайтириш), талабгор давлат рақам белгиларни аукцион шаклда харид қилиш учун рухсат берилди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган ID-карта, “биометрик” хорижга чиқиш паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намуналари амалиётга жорий этилди. Тизимда 32 та ахборот-маълумотлар базалари жорий этилиб, ҳужжат алмашинуви 63 фоизгача электрон шаклга ўтказилди. Фаолият шаффофлигини таъминлаш учун 21 та веб-сайт, ижтимоий тармоқларда эса 47 та расмий саҳифалар юритилди. Улар орқали ҳар куни 1,2 млн доимий фойдаланувчиларга маълумотлар тақдим этилмоқда. Бу борада, Вазирлик Академиясида 8 та (илгари 4 та) йўналиш бўйича кундузги ва сиртқи шаклда ўқиш тизими йўлга қўйилди. Ёшликдан бошлаб кадрлар ўзагини шакллантириш мақсадида, 14 та идоравий академик лицейлар, “Темурбеклар мактаби” ва ихтисослашган мактаб-интернати жорий этилди. Ходимлари жисмонан чиниқтириш учун 294 та идоравий спорт объектлари, шунингдек, соғлом овқатланишни оммалаштириш учун аутсорсинг асосида парҳез ошхоналар ташкил этилди. Ҳар йили декабрь ойида тизимда “Коррупцияга қарши курашиш” ойлиги ўтказилиши йўлга қўйилди. Профилактика инспекторлари, тезкор, тергов, йўл-патруль, патруль-пост, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда пробация хизмати ходимларининг фаолиятини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. Ходимлар учун 241 та хизмат уйи қурилди, 2 245 та хонадонларни олиш учун ипотека кредити расмийлаштирилди. Замон талабига жавоб берадиган 93 та маъмурий бинолар қурилиб, 2 868 та хизмат транспорт воситалари харид қилинди. Хизматда ҳалок бўлган ходимларнинг 121 нафар фарзандига олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз ўқишга кириш учун тавсияномалар берилди. 5 126 нафар ходим ва оила аъзоларига санатория-курорт муассасаларига йўлланмалар берилди. Хизматда намуна кўрсатган ҳамда юқори кўрсаткичларга эришган 328 нафар ходимлар Давлат мукофоти билан тақдирланди. Ўзининг бурчига садоқат билан хизмат қилган 77 884 нафар, шу жумладан ўзига таклиф этилган порани рад этган 246 нафар ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан рағбатлантирилди. *** Ж.й. 12 февралида Давлатимиз раҳбарининг раислигида илк бор ўтказилган Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берилган топшириқлар асосида тизимда ислоҳотларнинг 2-босқичи бошланди. Бу борада, жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида, бугунги кунга келиб, Президентимизнинг 1 та фармони ва 7 та қарорлари, 3 та Ҳукумат қарорлари ҳамда 19 та идоравий ва идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларнинг талаблари асосида ички ишлар органларида бошқарув тизими мутлақо янги шаклда тузилди. Яъни, турдош соҳавий хизматлар фаолиятини мувофиқлаш-тириш учун бевосита вазир ўринбосари томонидан бошқарилаётган Тезкор-қидирув, Жамоат хавфсизлиги, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментлари ташкил этилди. Барча жазони ижро этиш муассасалари ҳудудий ички ишлар органларининг бўйсунувидан чиқарилиб, бевосита Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига бўйсундирилди. Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида жиноятчиликни жиловлаш ишлари ягона “Пойтахт минтақаси” тамойили асосида қайта ташкил этилди. Бунда, 27 та ички ишлар бўлимлари (ГОМ) тугатилди, ҳамда 192 та раҳбарлик лавозими қисқартирилиб қуйи тизимга туширилди. Бевосита жойларда жиноятлар содир этилишининг ўзига хос хусусиятларни инобатга олиб, 11 та турли замонавий иш услублари ва “ҳудуд методика”лари яратилди. Республика бўйича криминоген вазияти энг оғир 45 та туман-шаҳарлар, шунингдек, Навоий вилояти, Ангрен, Нукус ва Қарши шаҳарлари ҳамда Сариосиё, Косон ва Чироқчи туманларини “намунавий хавфсиз ҳудудга” айлантириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурлари тайёрланиб, ижрога қаратилди. Профилактика инспекторларининг хизмат фаолиятида “инсон омили” таъсирини камайтириш ва аҳоли учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида бир қатор замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Мисол учун, ж.й. 1 июндан бошлаб, Самарқанд вилоятида профилактика инспекторларига масофадан туриб мурожаат юбориш, уларнинг фаолиятини баҳолаш имконини берувчи “Смарт маҳалла” ахборот дастури синов режимида ишга туширилди. Шунингдек, ж.й.нинг 1 августидан бошлаб, барча маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритуви, 1 сентябрдан бошлаб эса ҳуқуқбузарликлар бўйича суд муҳокамалари электрон тарзда ўтказилади. Мазкур ишларни тизимли равишда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, маҳаллий ҳокимлик ёрдамида профилактика инспекторларига 6 489 та замонавий компьютерлар, 3 037 та планшет ва 1 083 та веб-камералар ажратилди. Ўз навбатида, жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ишларини йўлга қўйиш борасида: – республика бўйича 830 та криминоген вазияти оғир маҳаллаларда муаммоларни “оилабай” дастурлари сектор раҳбарлари томонидан тасдиқланиб, ижрога қаратилди; – республикадаги барча (9 251 та) маҳаллаларда криминоген вазият танқидий кўриб чиқилиб, 2 908 та маҳалла “қизил”, 1 784 таси “сариқ” ва 4 559 таси “яшил” тоифаларга ажратилди. “Қизил” ва “сариқ” маҳаллаларда “жиноят ўчоқ”ларини бартараф этиш учун уларнинг ҳар бири туман-шаҳар ҳокими, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва ўринбосарларига бириктирилди; – криминоген вазияти энг оғир ҳисобланган 267 та маҳаллада қўшимча патруллик йўналишлари ташкил этилиб, уларга 442 нафар ички ишлар органлари ва 307 нафар Миллий гвардия ходимлари жалб этилди; – ҳар бир ҳудудда энг оғир бўлган 10 тадан маҳалла вилоят даражасидаги биринчи раҳбарларга бириктирилиб, ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича “ижтимоий профилактика” тизими амалиётга татбиқ этилмоқда. Бугунги кунда, мазкур маҳаллаларнинг 84 тасида “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскан”лари фаолияти йўлга қўйилиб, яна 252 тасида шундай масканларни ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда. Ўз навбатида, ж.й. апрелдан бошлаб, жами 7 028 нафар профилактика инспекторлари “шаҳар инспектори” ва “қишлоқ инспектори” моделлари асосида икки босқичли сайёр курсларда ўқитилди. Тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда бунинг доирасида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўтказилган комплекс тезкор-профилактик тадбирлар мамлакатимизда криминоген вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш учун замин яратди. Хусусан, ж.й. 6 ойи якунига кўра республиканинг 9 251 та маҳаллалардан 4 559 тасида (49,3 %) биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Ўз навбатида, жами қайд этилган 45 630 та жиноятларнинг 15 881 таси ёки 34,8 фоизи аввалги йилларда содир этилиб, жорий йилда ҳисобга қўйилган. Шунингдек, 15 434 та жиноятлар (жами 45 630 тадан 33,8 %) ходимларнинг ташаббуси билан аниқланди ва шундай жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 71,4 фоизга (9 004 тадан 15 434 тага) яхшиланди. Шу жумладан, ходимларимиз томонидан: – 548 та коррупциявий, 99 та одам савдоси ва 322 та кибержиноятлар фош этилди, 368 кг наркотик воситалари, 55 дона ўқотар қурол ва 212 дона ўқ-дориларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди; – 707 нафар “ҳужра”да қатнашган ҳамда 379 нафар чегарадан ноқонуний ўтган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди; – аввалги йиллардан очилмасдан қолган 3 833 та жиноятлар фош этилди, қидирувдаги 1 888 нафар шахслар ушланди, бедарак йўқолган 263 нафар шахс топилди. *** Келгуси давр учун вазифалар: Биринчидан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ички ишлар органларининг хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чоралари кўрилади. Бу борада, кўча ва жамоат жойларида жамоат тартибини сақлаш бўйича Миллий гвардия билан жавобгарлик ҳудудларни қатъий ажратган ҳолда мавжуд куч ва воситаларининг ягона бошқарув тизимини жорий этилади. Ўз навбатида, барча наряд ва патрулларни масофадан туриб бошқариш, уларнинг хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш учун замонавий ахборот-коммуникация тизимлари жорий этилади. Иккинчидан, тизимда хизмат қилаётган барча шахсий таркибнинг касбий билим-савиясини ошириш, ҳар бир ходим томонидан “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурч !” эзгу ғоя асосида хизмат фаолиятини амалга ошириш борасида тизимда маънавий-маърифий ишлар мутлақо янги шаклда йўлга қўйилади. Бу борада, ж.й. якунига қадар 17 мингдан ортиқ ходимларнинг касбий малакаси оширилади, 2 мингдан ортиқ профилактика инспекторлари билан сайёр ўқув курслар ўтказилади, ходимларнинг жанговар шайлик даражасини ошириш мақсадида 200 та тактик ўқув машғулотлари ўтказилади. Ўз навбатида, ходимларнинг маънавий дунёқарашини ошириш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлишини таъминлаш борасида ҳар бир ходимнинг хатти-ҳаракатларига алоҳида баҳо беришга ҳамда унинг хулқ-атворидан келиб чиқиб, аниқ тарбиявий тадбирларни ўтказишга қаратилган “ходимбай” тизими жорий этилади. Учинчидан, жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш, айниқса, шахснинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига нисбатан жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, бу борада, уюшмаган ёшлар, девиант хулқ-атворидаги ўсмирлар, носоғлом ва ғайриижтимоий ҳаёт кечираётган шахслар билан “фуқаробай” ишлаш амалиётини ҳар бир ҳудудда жадаллаштириш бўйича комплекс тезкор ва профилактик тадбирлар ўтказилади. Тўртинчидан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, оғир оқибатли автоавариялар содир этилишининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Мазкур тадбирлар доирасида барча таълим муассасаларида “Йўл ҳаракати қоидалари” фанини мажбурий фан сифатида киритиш, мактабларда “Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари”ни ташкил этиш ҳамда мактабгача таълим муассасаларида болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини ўқитиш йўлга қўйилади. Ўз навбатида, серқатнов йўл участкаларига пиёда томонидан бошқарилаётган светофорларни, ёритилмаган жойларига автоном ёритиш ускуналарни, ҳаракат тезлигини автоматик ўлчовчи радар мосламалари ўрнатилиши давом эттирилади. Бешинчидан, фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш, асосий хизмат фаолияти йўналишларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва “инсон омили” таъсирини камайтириш мақсадида тизимни босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш ишлари давом эттирилади.Ички ишлар органлари тизимида амалга оширилган ислоҳотлар
Ислоҳотларнинг 1-босқичи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 апрелдаги ПФ-5005-сон фармони асосида бошланиб, бу борада 13 та қонун, Президентнинг 9 та фармони, 40 та қарори ва 3 та фармойиши, 115 та Ҳукумат қарорлари, 167 та идоралараро ҳужжатлар қабул қилинди.