24 Декабр 2021 йил 781

МУАММОЛАРНИ «ФУҚАРОБАЙ» ЁНДАШУВ ОРҚАЛИ ҲАЛ ЭТИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида жиноятчиликни жиловлашнинг самарали механизмлари амалиётга татбиқ қилинмоқда. Айниқса криминоген вазияти мураккаб ҳудудларда ишнинг манзилли ёндашув асосида ташкил қилинаётгани содир этилган ҳар бир жиноий хатти-ҳаракатнинг асл сабабларини ўрганиш ва бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари томонидан Пастдарғом тумани «Олтиқахрамон» маҳалласида «фуқаробай» ишлаш бўйича ҳудуд методикаси сифатида “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг «фуқаробай» ишлаш методикаси (Пастдарғом тумани «Олтиқахрамон» маҳалласи мисолида)” номли ўқув-амалий қўлланмаси тайёрланиб, ушбу маҳаллага татбиқ қилинган эди.

Ўтган давр мобайнида амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар натижасида маҳалладаги аҳвол сезиларли даражада ўзгарди. Хусусан, жорий йилнинг 11 ойида ушбу маҳаллада 1 та жиноят қайд этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 тага камайгани ҳолда маҳалла «сариқ» тоифадаги ҳудудга ўтказилди.
ИИВ Академиясидан ташриф буюрган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан «Олтиқахрамон» маҳалласи ҳудудида содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитлар бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинган ҳолда «илмий диагноз» асосида келгусида уларнинг олдини олиш ва самарали профилактикасини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Бундан ташқари, «Олтиқахрамон» маҳалласида «фуқаробай» ишлаш бўйича ҳудуд методикасини Пастдарғом туманнинг қолган 106 та маҳалласида татбиқ этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, ИИВ Академияси бошлиғининг ўринбосари, полковник Камалов Ойбек Ахматович раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринборсари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, полковник Халимов Акрам Хамидович, вилоят ИИБ ҲПБнинг масъул ходимлари, туман ИИБ бошлиғи, подполковник Қўзиев Маъруф Мардонович ва унинг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматнинг раҳбарлари, маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари иштирокида туман ИИБда йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда ҳар бир маҳалла ҳудудида содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш, «фуқаробай» методикани амалиётга кенг татбиқ этиш, маҳаллани жиноятдан холи «яшил» ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларнинг мазмуни, ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ходимларига амалдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги ишларни юритишнинг услублари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги 27-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги» концепциясини мазмун-моҳияти, илмий-амалий жиҳатлари тушунтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ишчи гуруҳи томонидан Пастдарғом туманида жиноятчиликни жиловлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам илмий асосда ўрганилди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мавжуд 107 та маҳалланинг 38 тасида умуман жиноят содир этилмаган, 24 та маҳаллада жиноятлар камайишига эришилган бўлиб, 45 та маҳаллаларда эса жиноятлар салмоғи, хусусан, ўғрилик, фирибгарлик кабилар ортган. Таҳлилларга кўра, фирибгарлик жиноятининг 65 фоиздан ортиғи доимий иш билан банд бўлмаган қатлам, салкам 10 фоизи эса муқаддам судланганлар томонидан содир этилган. Мазкур ҳолатларнинг сабаблари жойларга чиқиб ўрганилганда, айрим фуқароларнинг ўзига тегишли мол-мулкни бегона шахсларга ишониб топшириши ва бошқа омиллар фирибгарликнинг кўпайишига олиб келаётгани, ўғирлик жинояти асосан кўп қаватли уйлар атрофи, кузатув камералари ва тунги ёритувчи чироқлар ўрнатилмаган жойларда тез-тез содир этилаётгани аниқланиб, ушбу турдаги жиноятларни келгусида содир этилишини олдини олиш борасида ишчи гуруҳ томонидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Айни кунларда ишчи гуруҳ вакиллари, Пастдарғом тумани ички ишлар орган ходимлари жойлардаги сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳалла ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли муаммоларини уйма-уй ўрганиш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалаларини эчимини топишда ҳамкорликда ишлар давом эттирилмоқда.
Ҳамжиҳатликда – ҳикмат бор, деганларидек, ҳамкорликда амалга амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, криминоген вазиятни яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Text to speech