11 миллион сўмликдан зиёд пақилдоқлар харидорларга етиб бормади
“Иштихон деҳқон бозори” ёнида жойлашган автотураргоҳда ўтказилган назорат тадбирида фуқаро У.А.нинг пиротехника савдоси билан шуғулланаётгани маълум бўлди. Натижада унга тегишли бўлган қиймати 2 079 000 сўмлик 12 600 дона “Трения” пиротехника воситаси далилий ашё сифатида вақтинча сақлаш учун олиб қўйилди.
Шунингдек, вилоят божхоначилари ўша куни вилоят ДХХ бошқармаси ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Ургут туманининг Мерганча маҳалласида тезкор тадбир ўтказди. Фуқаро С.В.га тегишли бўлган “Титаник” ёзувли умумий қиймати 9 211 000 сўмлик 53 402 дона пиротехника воситаси тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати