"5 АПРЕЛЬ – ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ КУНИ"
Тинчлик-хотиржамлик, фаровон ва осуда ҳаётни таъминлаш ҳар бир даврда, ҳар бир давлат учун энг муҳим вазифа бўлиб келган.
Ўтмишда ҳам, бугунги кунда ҳам давлатнинг қудратли бўлишида, унинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишда махсус хизматларнинг ҳиссаси беқиёс бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилаётган мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, халқимизнинг янада фаровон ва тўкин ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда Давлат хавфсизлик хизмати идоралари ҳам камарбаста бўлмоқда.
Хусусан, 2020 йилда ДХХ идоралари саъй-ҳаракати билан 4 та террорчилик актининг олди олинди. Улардан 2 таси Ўзбекистонда, 2 таси МДҲ мамлакатларида содир этилиши режалаштирилган эди.
Экстремистик ва террористик ташкилотларнинг 67 та яширин гуруҳлари фаолиятига чек қўйилди.
Экстремизм ва терроризмга алоқадорликда айбланиб, хорижда яшириниб юрган 98 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатимизга олиб келинди ҳамда жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, 747 кг.дан ортиқ гиёҳванд моддалар, 251 минг дона психотроп таблеткалар, 594 дона қурол, 4.781 дона ўқ-дори ва 24,4 кг портловчи моддалар ноқонуний муомаладан олинди.
540 дан ортиқ коррупция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди.
Бюджет ва кредит маблағларининг талон-тарож қилиниши ҳамда мақсадсиз ишлатилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, 557 млрд. сўм давлат фойдасига ундирилди.
Ноқонуний миграция ва одам савдосига алоқадор 102 та жиноий гуруҳ фош этилди.
Давлатимиз сарҳадларидан ноқонуний олиб ўтилган 58,3 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар қўлга олинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра амалга оширилган “Меҳр 3” ва “Меҳр 4” гуманитар операциялари доирасида Сурия ва Афғонистон давлатларида оғир шароитда қолган 122 нафар аёллар ва болалар мамлакатимизга олиб келинди.
Таъкидлаш лозимки, бугун дунёнинг турли нуқталарида кузатилаётган нотинчликлар, қуролли тўқнашувлар айрим давлатларнинг барқарорлигига таҳдид солиб, тараққиётини ўн йилларга ортга суриб юбориши мумкин. Бундай фожиали тақдирлар эса ҳар биримизни мушоҳада қилишга, сабоқ чиқаришга чорлайди.
Ҳақиқат шуки – Ватан ҳимояси осон юмуш эмас.
Зеро, бу шарафли йўлда ДХХ ходимлари мустаҳкам қалқон бўлишга тайёрдирлар!
ДХХ матбуот хизмати