1 Июн 2021 йил 664

966 грамм "опий" ни 18 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахсларга суд ҳукми эълон қилинди

Гиёҳвандлик-умр заволи. Бу ҳақиқатни барчамиз яхши биламиз, аммо нафсига қул бўлган айрим кимсалар мўмай даромад топиш илинжида заҳри қотил олди-соттиси билан ҳамон шуғулланиб келмоқда. Яқинда ДХХ вилоят бошқармаси томонидан вилоят Ички ишлар ва божхона бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйилди. Бир гуруҳ жиноий шериклар ўзаро тил бириктириб, оғирлиги 966 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик воситасини Ургут тумани Жартепа маҳалласи ҳудудида Р. исмли шахсга 18.000 АҚШ долларига сотаётган чоғда жиноят устида қўлга олинди. Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган материаллар 2021 йил феврал ойида Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. М.С. 1994 йилда Ургут туманида туғилган. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти олий, оилали 1 нафар фарзанди бор. Вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган. Ў.М. 1999 йилда Ургут туманида туғилган. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, бўйдоқ. Самарқанд шаҳридаги “Юбилейное” ширинликлар ишлаб чиқариш цехида ишчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган. П.И. 1993 йилда Ургут туманида туғилган. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, бўйдоқ. Вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган.
Х.Ш. 1996 йилда Ургут туманида туғилган. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, бўйдоқ. Вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган. Суд судланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ҳукмни эълон қилди. Судланувчиларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273 моддаси 5 қисми билан айбли деб топилиб С. М.га 10 (ўн) йил 6 (олти) ой, М. Ў.га 11 (ўн бир) йил 6 (олти) ой, И. П.га 11 (ўн бир) йил, Ш. Ҳ.га 11 (ўн бир) йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди. Ҳа, ноқонуний даромад топиш мақсадида қўйилган қалтис қадам судланувчиларни темир панжара ортига етаклади. Энди улар бу ерда қилган жиноятлари учун белгиланган жазо муддатини ўташади. Жамиятимизда қонун устувор, жиноятга эса жазо муқаррар эканлигини ҳеч биримиз зинҳор унутмайлик!

Text to speech