АЁЛЛАРНИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КЕРАК?
Зўравонларга нисбатан қандай жазо чоралари қўлланилади? Зўравонлик қурбонлари учун ҳуқуқий ҳимояни қандай таъминлаш мумкин? Калтаклаш ва куч ишлатиш ҳоллари барҳам топавермаса, нима қилиш керак? Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти раҳбарияти ташаббуси билан олиб борилаётган малака ошириш курсларида хотин-қизлар билан ишлаш бўйича профилактика инспекторлари худди шундай масалаларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий жиҳатлари билан танишишди.
Пойтахтдан келган бир гуруҳ ўқитувчилар хотин-қизлар билан ишлаш бўйича профилактика инспекторларининг 26 нафари билан беш кунлик курсларда нафақат ҳимоя ордерларини бериш масалалари юзасидан уларнинг билимларини оширишди, балки амалиётда учраётган мураккаб масалаларга биргаликда ойдинлик киритишга ҳам уриниб кўришди.
Инсон ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликнинг халқаро стандартлари, жиноятлар профилактикаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни ўргатиш мақсадида тузилган ўқув дастури доирасида хотин-қизларни «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритиш, «ночор оилалар» рўйхатидан чиқариш, шунингдек, ҳуқуқбузарларни жиноий жавобгарликка тортиш, жарима ундириш ва мол-мулкка тақиқ қўйиш масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Нафсиламрини айтганда, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши жамиятимиз учун нисбатан янги ҳолат. Айниқса, хотинларини ҳар доим ва ҳар нарсада бўйсуниши керак, деб ҳисоблайдиган эркаклар менталитетини ҳисобга олганда. Натижада, калтакланиш ва таҳқирланишларга қарамай, оиладаги зўравонлик қурбонлари муҳаббат, қасос қўрқуви, жамиятнинг маънавий негизлари ёки нима бўлганда ҳам, оилани сақлаб қолиш истаги туфайли кўпинча ҳеч кимдан ёрдам сўрашмайди. Баъзи ҳолларда бу ҳатто фожиага ҳам олиб келиши мумкин.
– Сўнгги вақтларда кузатилаётган оиладаги зўравонлик ҳолатларининг кўпайишига, биринчи навбатда, ишсизлик ва иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви сабаб бўлмоқда, – дейди Пахтачи тумани ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, подполковник Ибодат Жўрақулова. – Ишсиз қолган эркак қўрқув, хавотир ва руҳий тушкунлик ҳолатини ҳис этади. Буларнинг аламини у кимдан чиқаради? Албатта, оила аъзоларидан олади. Ҳуқуқий саводхонлик даражаси паст бўлган аёллар эса турмуш ўртоғининг жиноий жавобгарликка тортилишидан ва пировардида ўзининг ягона боқувчисини йўқотиб қўйиши мумкинлигидан қўрқиб, одатда, ёрдам сўрашмайди. Кўп ҳолларда эса жанжалларнинг асосий сабаби рашк бўлиб чиқади...
Пахтачи туманидаги 59 та маҳаллада 74 мингдан зиёд аёл истиқомат қилади, уларнинг қарийб 40 нафари «нотинч оилалар» рўйхатига киритилган. Туманнинг 100 дан ортиқ аёлларига ҳимоя ордерлари берилди. Қабул қилинган ҳар бири учун ҳисобга олиш картаси юритилади. Жабрланувчи биздан кетганидан кейин прокуратура, шифохона, маҳалла ёки хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилганми, у яна зўравонликка дуч келганми – шулар юзасидан келгусида мониторинг олиб борилади.
– Фаолиятимиз давомида маҳалла қўмиталари билан ҳамкорликда томонларни яраштириш билан шуғулланамиз, – суҳбатни давом эттиради подполковник И. Жўрақулова. – Мақсадимиз оилаларни имкон қадар сақлаб қолиш, қаердан оилавий руҳшунос ёрдамини ёки ҳуқуқий кўмак олиш мумкинлигини маслаҳат беришдан иборат. Биз малака ошириш курсларида жазо қўллашнинг ҳуқуқий жиҳатлари ва оилавий зўравонлик туфайли юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатларни бартараф этиш йўлларини ўргандик.
Умуман олганда, зўравонлик статистикасини фақат жазонинг муқаррарлиги билан камайтириш мумкин. Зўрлик қилувчи киши жабрланувчининг жим турмаслигини ва ҳар қандай тазйиқ жазоланишга олиб келишини билиши керак. Хотин-қизлар эса ўз кучи ва билимларига ишониши, юқори касбий маҳоратга эга бўлиши лозим. Ўқиб-ўрганиш учун ҳеч қачон кеч эмас. Бу жиҳат инсонга ўзига бўлган ишонч, ўз қадрини билиш ҳиссини туҳфа этади, хотин-қизларга эса ҳатто энг қийин вазиятларда ҳам оёққа тура олиш имконини беради.
Улуғбек ТУЙМАБАЕВ,
ИИВ Малака ошириш институти
катта ўқитувчиси, подполковник,
Замира БАЛТАЕВА,
«На посту»нинг ўз мухбири.