10 Октябр 2020 йил 756

Алданган аёл тақдири. Унга қандай кўмак бериляпти?

Баъзан олисдаги ош кўзимизга ширин туйилади. Аммо ҳар ернинг ҳам тошу тарозиси борлигини билмаймиз. Тойлоқлик Дилрабо опа уйидаги жанжаллар, гап-сўзлардан бездими, ўзга юртдан илиқлик излашга ҳаракат қилди. Натижа эса...

Вилоят бандлик бош бошқармаси маълумотларига кўра, шу йилнинг биринчи ярим йиллигида 32 мингдан ортиқ меҳнат муҳожирлари ўз ватанига қайтарилган, 10 мингга яқин киши иш билан таъминланган, 15 минг нафари касб-ҳунар таълими курсларида ўқиган, улардан 4 600 га яқини ёқини ёлланма ишчи.

Пандемия пайтида чартер рейслар орқали юртимизга қайтган мигрантлар орасида 41 ёшли Дилрабо опа ҳам бор. У ўн йилдан ортиқ Россияда яшади.

- 19 ёшимда турмушга чиқдим, - дея суҳбатни бошлайди аёл. - Оилавий ҳаётим ҳавас қиладиган эмасди. Қайнонам билан доимий жанжаллар оиламни барбод қилди. Икки нафар фарзандим билан уйга қайтдим. Афсуски, у ерда ҳеч ким мени кутмаган эди. Эрта турмушга узатилганим учун қўлимда ҳунарим йўқ, фарзандларимни боқиш учун ҳар қандай ишга рози эдим. Ака-укам, опа-сингилларим, ота-она ва ҳатто қўшниларим ҳам мени қилмишимни қоралашарди. Доимий жанжаллардан чарчадим, худди ҳеч кимга кераксиздек ўзимни ҳис қилардим. Оиламга оғирлигим тушмаслиги учун аммамникида яшаш учун уйдан чиқиб кетдим.

Икки йил ўтгач, бир таниши аёлга яхши даромад ва барқарор иш ваъда қилиб, пул ишлаш учун Санкт-Петербургга жўнаб кетишни таклиф қилди. Қариндошига ўғилларини қолдириб, у Нива шаҳрига кетади. Афсуски, бу ерда аёл алданганлигини тушунди.

- Вокзалда ҳеч ким мени кутиб олмади, - дейди Дилрабо. – Шундагина алданганимни билдим. Қаерга боришни билмай, бир кеча-кундуз темир йўл вокзалида қолиб кетдим. У ерда тожикистонлик меҳнат муҳожирларини учратдим. Улар мени бир кеча яшаш учун уйига таклиф қилишди,  рози бўлишдан бошқа иложим йўқ эди. Ўзга юрт, ҳеч кимни танимайман. Квартирага келганимда, биринчи марта 8-10 кишилик меҳнат муҳожирлари икки хонали уйда қандай яшашларининг гувоҳи бўлдим. Бу ерда иш топиш қийин эмас эди. Ўн йил давомида кўп жойда ишладим: омборчи, фаррош, саралаш ходими... Ўзимга ўхшаган муҳожирга эрга тегдим. Уч нафар фарзандимиз туғилди. Биз етти йилдан ортиқ бирга яшадик, лекин бир куни у болали аёлни олиб келиб, унинг яшаш жойи йўқлигини айтди. Бир пайтлар ўзим ҳам ўша вазиятда бўлганим учун рози бўлдим. Бир марта эрим мен билан жанжаллашиб, у аёлнинг хонасига кириб, тунни у билан ўтказганини кўрдим. Жанжал қилишнинг фойдаси йўқ эди. Иккинчи бор тақдирнинг шафқатсизлигига дуч келдим. Борадиган жойим, болаларим билан яшашга пулим йўқ эди. Бироз вақт ўтгач, эрим Тожикистонга депортация қилинди. Маошим болаларимни боқиш у ёқда турсин квартирага тўлашга ҳам зўрға етарди. Қийналганимдан болаларимни олиб квартирани тарк этдим. Биз кун бўйи олдимиздан уй чиққунича юрдик, кейин уй эгасидан тунни иссиқхонада ўтказишни сўрадим. Рози бўлди. "Истиқболли авлод" деб номланган Республика ижтимоий ахборот марказига қўшниларим мендан хабар топиш учун қўнғироқ қилмагунча, бир муддат иссиқхонага қарадим. Кунлардан бир куни "Добрий дом - Москва" вақтинчалик яшаш марказининг кўнгиллилари бизникига келишди, мен у ерда уйга қайтгунимча қолдим.

- Биз чет эллик иш берувчиларга алданганларнинг сонини билмаймиз, аммо барчага ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, - дейди "Истиқболли авлод" маркази Самарқанд филиали адвокати Фирдавс Муҳаммадиев. – Тойлоқ туманида яшовчи аёл ва фарзандлари ҳақида эшитиб, уларни ватанига қайтариш бўйича музокаралар олиб бордик. Равот маҳалла фуқаролар йиғини раисининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан биз аёлни ҳозирда ҳеч ким яшамаётган ота-онасининг уйига олиб келдик. Ҳозир аёлни иш билан таъминлаш ва уни жамиятга қўшилиши учун барча имкониятларни ишга соляпмиз. Ҳовлисида иссиқхона қуриляпти. Aёлнинг вояга етмаган болалари учун нафақа тайинланди. Яқинда унга биометрик паспорт ҳам  берилди.

Aлбатта, қайтиб келган муҳожирлар ҳақидаги воқеалар ҳар доим ҳам муваффақиятли тугамайди. Муҳожирларнинг муносиб даромад излаб корхоналар остонасини пойлаб юрганликлари ҳақида кўплаб мисоллар мавжуд. Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг сентябрь ойида муҳожирларнинг қийинчиликларини тушуниб, "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Унга кўра, мигрантларга моддий ва ижтимоий ёрдам берилиб, тиббий суғурта билан таъминланади. Бундан ташқари, халқаро ҳамкорликни кучайтириш режалаштирилган. Ҳар бир меҳнат муҳожири чет элга ишлашга жўнатилишидан олдин касблар ва хорижий тиллар бўйича ўқитилади ва ўз ватанига қайтиб келганларга жамиятнинг фаол аъзоси бўлишига кўмак, янги бизнесини бошлашга ёрдам берилади.

Бундан ташқари, янги йилдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тенглаштирилади ва унга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади.

Замира Болтаева.

 

 

Text to speech