Алимент тўламаган фуқаро 15 суткага қамалди
Фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан Б.Д.дан икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун барча даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси хабар бермоқда.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Б.Д. бир неча марта огоҳлантиришларга қарамай 2016 йилнинг июл ойидан буён тўламай келаётганлиги аниқланган.
Унинг алиментдан қарздорлиги ҳисоб-китоб қилинганда бугунги кун ҳолатига 27 млн 675 минг сўм эканлиги маълум бўлган.
Қарздордан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик масаласи кўрилиши учун Оқдарё туман маъмурий судига юборилган.
Самарқанд шаҳар маъмурий судининг қарори билан қарздор Б.Д. нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.