БАХТ – ОИЛАНИНГ НАҚШИ
Пайариқ тумани «Илғор» маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Нурали Мирзаев 2020-йилда Бухоро давлат университетини тамомлагандан сўнг илк хизматини аҳолиси зич ушбу маҳаллада бошлаган.
Лавҳамиз қаҳрамонининг уч йиллик хизмати давомида бу ҳудудда бирорта ҳам жиноят содир этилмагани эътиборга молик. – Яқинда ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда Россиядан қайтиб келган олти нафар мигрантнинг ҳар бирига 33 сотихдан ер топширдик, – дейди профилактика инспектори. – Йигитлар далага ловия экишга қарор қилишди. Ўз иши билан шуғулланиш ёки бизнес бошлаш ниятида бўлганларга мотокултиватор сотиб олиш ва имтиёзли кредитлар олишда ҳам ёрдам кўрсатилмоқда.
Умид қиламизки, бу кўмак ёшларга оиласини тарк этмаслик, ўз юртида ишлаб пул топиш имконини беради. Жиноятчиликни қандай бартараф этгани ҳақида сўраганимизда, инспектор «Ҳушёр фуқаролар профилактика инспекторининг энг яхши ёрдамчиларидир. Маҳаллий аҳоли ҳамма нарсани кўради, эшитади ва сезади. Қўшнилари ҳақида ҳамма маълумотга эга. Улар ўз кўчаларида юрган бегона автомобилнинг ранги ва ҳатто давлат рақамини осонгина эслаб қолиб, бизнинг ишимизда ёрдам беришади. Ва бирор жойда жанжал келиб чиқса, шу заҳотиёқ огоҳлантиришади. Лекин ҳудудда маъмурий ҳуқуқбузарликлар учраб туради.
Амалиёт кўрсатишича, аксарият ҳуқуқбузарликлар маст ҳолатда содир этилади. Бу оилавий низоларга ҳам тегишли. Кўпинча ишламайдиган фуқароларни ўғирлик ва безорилик учун қўлга оламиз. Ҳуқуқбузарлар билан ҳар доим гаплашишга ва уларга хатти-ҳаракатларининг эҳтимолий оқибатларини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Натижа ёмон эмас. Одамлар сўзимизни тинглайди, мулоҳаза қилади. Қишлоқ одамлари бир-бирини танийдиган жой эканини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Ҳеч ким қишлоқдошлари орасида уялиб қолишни истамайди», дея жавоб берди.