6 Август 2020 йил 536

Бир кунда иккита машина ичидан ўғирлик қилган Булунғурлик йигит қўлга олинди

2020 йил 05 август куни Булунғур тумани Соҳибкор маҳалласида яшовчи, 1991 й.т. Н.Б. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 4 август куни соат 22:30 ларда Булунғур тумани Соҳибкор маҳалласи ҳудудида ўзининг “Дамас” русумли автомашинасини қаровсиз қолдирган вақтида, номаълум шахс калит танлаш йўли билан автомашинасини очиб, машина салонида бўлган 100.000 сўм пулларни ва автомашинани бошқаришга берилган ишончнома ҳамда суғурта полисларини яширин равишда талон-торож қилганлигини баён қилган.

Бундан ташқари, туман ИИБга Булунғур тумани Бедана маҳалласида яшовчи 1996 й.т. С.А. ариза билан мурожаат қилиб, шу куни соат 21:00 ларда Булунғур тумани Соҳибкор маҳалласи ҳудудида ўзига тегишли бўлган “Дамас” русумли автомашинани ойнасини очиқ ҳолатда қаровсиз қолдириб кетган вақтида, номаълум шахс автомашина эшигини очиб, машина салонида бўлган баҳоси 1.600.000 сўмлик “Redmi-8” русумли телефон аппаратини яширин равишда талон-торож қилганлиги, ушбу номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Булунғур туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, мазкур ўғирлик Булунғур тумани Оқтош маҳалласида яшовчи 1987 й.т. Р.С. томонидан содир қилинганлиги аниқланиб, ундан бир дона “Redmi-8” русумли телефон аппарати ва 100.000 сўм пуллар ҳолислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси фуқаролардан шахсий мол-мулкларини қаровсиз қолдирмасликларини сўрайди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech