6 Феврал 2021 йил 580

Булунғур туманида профилактика инспектори ва фуқаро ўртасида юзага келган тортишув юзасидан маълумот

2021 йилнинг 4 февраль куни Булунғур тумани ИИБ навбатчилик қисмига фуқаро М.Д. оғзаки мурожаат қилиб , “Булунғур” маҳалласида ўзларини “Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларимиз” деб таништириб, ёнғинни олдини олиш бўйича пул йиғилаётганлигини айтган.
Мурожаатга асосан, ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ушбу ҳудудга бириктирилган туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори лейтенант М.Абдусаттаров воқеа жойига етиб борган.

Профилактика инспектори воқеа жойига борганда ёнғин хавфсизлиги ходимларига хос формали кийим бошини кийиб олган 5 нафар шахсларни кўрганлигини ҳамда уларни ўз хизмат хонасига олиб бориб, шахсини аниқлаш мақсадида ҳужжат сўраганида, улар бевосита бўйсунувчи раҳбари келаётганлигини, шахсларига оид ҳужжатларни раҳбаридан билиб олишини айтган.

Орадан тахминан 20 дақиқа ўтганидан сўнг, ўзини бошлиқ деб таништирган шахс лейтенант М.Абдусаттаровга хеч қандай ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, фақатгина адлия томонидан берилган лицензияни кўрсатиб, ушбу лицензия асосида фуқаролар уйига бориб ёнғинни олдини олиш бўйича суғурта қилишларини айтиб, ёнғин хавфсизлиги ходими бўлиб ишлашлиги юзасидан хеч қандай ҳужжат ёки маълумот тақдим қилмаган.

Лейтенант М.Абдусаттаров фуқародан ўзининг шахси ҳақидаги маълумотларни тақдим қилмаган тақдирда туман ИИБ маъмурий биносига бориб шахси ҳақидаги маълумотларни аниқлаши лозим эканлигини айтган.

Фуқаро ИИОлари ходимининг қонуний талабларини бажармаганидан сўнг, лейтенант М.Абдусаттаров туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳини воқеа жойига чақиртирган.

Туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига етиб келиб, ундан шахси ҳақида маълумот сўраганида, ушбу шахс исми Элёр эканлигини, ўзини Ёнғин хавфсизлиги ходими бўлиб ишлашини, фамилиясини ҳамда туғилган йиллари эсидан чиқиб кетганлиги айтиб, тезкор-тергов гуруҳига ҳам ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаслигини айтиб, ходимларини воқеа жойидан кетишларига кўрсатма берган.

Туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи фуқарони туман ИИБ биносига олиб бориб, шахсини аниқлаш лозимлигини яна бир бор тушунтирганда, у Малибу русумли 20 Q 648 EA давлат рақамли автомашинага ўтириб, автомашинани бошқариб кетмоқчи бўлган.

Фуқаронинг хатти-ҳаракатлари ходимларга шубха ўйғотганлиги сабабли, фуқародан ушбу автомашина кимга тегишлилиги юзасидан автомашина ҳужжатлари сўралган.

Ўзини ёнғин хавфсизлиги ходими бўлиб ишлашини айтган фуқаро ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаслигини, ЙҲХБ ходимлари келсагина ҳужжат тақдим қилишини айтган.

Ушбу шахснинг хатти- ҳаракатлари туман ИИБ ходимларида шубҳа ўйғотган.

Автомашинани жарима майдончасига ўрнатилган тартибда жойлаштириш мақсадида эвакуватор чақирилгандан сўнг, фуқаро туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳига ҳужжатларни тақдим қилган.

Лейтенант М.Абдусаттаров ўзини ёнғин хавфсизлиги ходими деб таништирган Элёр исмли шахсни хисобга олиш китобига қайд қилаётганда фуқаро ходимнинг хизмат вазифаларини бажаришига фаол қаршилик қўрсатиб, ИИБ ходимларига бўйсунмай воқеа жойидан Малибу русумли
20 Q 648 EA давлат рақамли автомашинасида қочиб кетган.

Ушбу фуқаро "Фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш" МЧЖда фаолият юритиши аниқланиб, унга нисбатан холислар иштирокида ўрнатилган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ўзини ёнғин хавсизлиги ходими бўлиб ишлашини айтган фуқаро 2021 йилнинг 4 февраль куни туман Прокуратурасига ИИОлари ходимлари хатти-ҳаракатидан норози бўлиб мурожаат қилган.

Мурожааат юзасидан туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари ҳамда профилактика инспекторлари туман Прокуратурасига бориб, бўлиб ўтган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар билан таништирган.

Фуқаро ўз айбига иқрор бўлиб, туман ИИБ биносига олиб келиниб, тушунтириш хати олиниб маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда тилхат асосида хужжатлари қайтариб берилган.

Фуқаро Э.Абдусаломовга нисбатан МЖтКнинг 194-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун Булунғур тумани ЖИБ судига юборилган.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech