Булунғурда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Самарқанд вилояти идоралараро комиссиясининг сайёр йиғилиши ўтказилди
15 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича Самарқанд вилояти идоралараро комиссияси томонидан Булунғурда сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда комиссия аъзолари, туман сектор раҳбарлари ҳамда маҳалла раислари иштирок этишди.
Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишида туманнинг “Ўроқли” МФЙ собиқ раиси томонидан содир этилган жиноят муҳокама қилинди.
Ушбу шахс кам таъминланган оилалар учун қурилаётган уйларга рўйхатга қўйиб, субсидия асосида уй олиб бериш учун таъмагирлик қилиб, 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Тадбирда сўзга чиққанлар, бугунги кунда Президентимиз томонидан маҳаллаларга қаратилаётган эътибор, аҳолини камбағалликдан чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб, шундай имконият ҳамда ишончга нисбатан ушбу шахс томонидан қилинган ҳаракатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслиги тўғрисида фикр билдиришди.
Вилоят прокурори Равшан Машарипов маҳалла раислари халқни “бошида туриб”, уларга кўмакдош бўлишлари, уларнинг ташвишлари билан яшаши лозимлигига тўхталиб, ушбу жиноят ишини маҳаллада сайёр суд тарзда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ўтказиш бўйича вилоят Суди раиси томонидан берилган таклифини маъқуллади.
Сўзга чиққан, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шавкат Раҳмонов, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга хусусан, коррупцион жиноятларга қарши барчани якдил бўлиб курашишга чақириб, атрофда бўлаётган ҳодисаларга бефарқ бўлмаслик, келгусида бу каби жиноятларга йўл қўймаслик борасида фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Учрашув сўнгида, тумандаги маҳалла раисларига ҳам сўз берилиб, уларнинг таклифлари тингланди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати