Булунғурда профилактика инспекторларига моддий-техник жиҳозлар жамланмаси топширилди
Жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда профилактика инспекторлари муҳим ўрин тутади.
Профилактика инспекторларининг бугунги қиёфаси ҳам амалга оширилиб келинаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг бўлиши, фаолиятида янгилик ва замонавийлик акс этишини тақозо қилади. Ҳар қандай янгилик ва замонавий ёндошувнинг пировард мақсади халқимиз оғирини енгил қилишга қаратилган. Шу боис ҳам бугунги кунда профилактика инспекторининг замонавий қиёфасини яратиш, уни Янги Ўзбекистонга хос кадр сифатида шакллантириш айни вақтдаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Бугунги тезкор бир даврда профилактика инспекторларининг ўз вазифасини сидқидилдан, тезкорлик билан бажаришида уларга зарурий шарт-шароит, моддий-техник база ҳам яратиб бериш муҳим. Хусусан, бу борада Булунғур туманида ҳам салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, маҳаллаларга яратилаётган шарт-шароитлар, фойдаланиш учун топширилаётган янги бинолар, жорий ёки капитал таъмирланаётган маҳалла марказлари негизида профилактика инпекторлари ҳам замонавий, ёруғ ва шинам хизмат хоналарига эга бўлишмоқда.
Булунғур тумани ички ишлар органлари тизимида ўз хизмат вазифасини бажараиб келаётган профилактика инспекторларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, жорий йил 17 апрел куни 16 нафар ходимга моддий техник жиҳозлар жамланмаси топширилди.
Жиҳозларни топшириш жараёнида сўзга чиққан Булунғур туман ички ишлар бўлими бошлиғи Бунёд Журақулов, ушбу ишлар ҳали бошланиши эканлигини, тизимдаги қолган ходимларга ҳам зарурий жиҳозлар етказиб берилишини, профилактика инспекторлари яратилаётган ушбу имконият ва эътиборга ўз хизмат фаолияти самарадорлиги билан жавоб қайтариши лозимлигини таъкидлаб ўтди.