Дўкондаги ўғрилик
Фуқаро И.Қ бугунгача бирор бир тайинли ишнинг бошини тутмаган, замон зайли билан айтганда тадбиркорлик, Олий таълим муассасаларида таҳсил олиш каби очиқ имкониятлардан фойдаланишни ҳаёлига ҳам келтирмайдиган, ҳалол меҳнат билан ризқ топиш ақидасини анча четлаб ўтган йигитлардан. Қўштирноқ ичидаги қаҳрамонимиз 1996 йилда қўшни Иштихон туманининг "Барлос" МФЙда туғилган. У турли соҳаларда муваффақиятларга эришаётган тенгдошларидан ҳоли ўлароқ ўғирлик, безорилик каби иллатлар билан ўз қисматига "муқаддам судланган шахс" номли тамғани ҳам босиб улгурди. "Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деганларидек уни осон пул топиш илинжидаги содда ҳаёли яна бир жиноят томон етаклади. У жорий йилнинг 8 январидан 9 январига ўтар кечаси Қўшработ тумани Қийқим қишлоғида яшовчи К.Э га тегишли савдо дўконидан қиймати 10 млн 500 минг сўм бўлган пулларни ўғирлади. Халқимизда жиноят жазосиз қолмайди деган гап бор. Воқеа жойидаги бармоқ излари ёрдамида мазкур жиноят фош этилиб, 2021 йил 17 январь куни И.Қ га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.