11 Декабр 2020 йил 798

Ҳеч қачон ҳеч кимга SMS орқали сизга келган картангизни тасдиқловчи код рақамини айтманг!

Сўнгги пайтларда интернет фирибгарлар учун кирдикорларини амалга ошириш йўлида "қулай" майдонга айланиб қолди. Ушбу мавзуда ИИВ Тезкор-қидирув хамкорлиги бошқармаси Ахборот технологиялари сохасида жиноятларга қарши курашиш бўлими ЎМИБ тезкор вакили подполковник У.Қличев ўз фикрларини билдирди:

"Фирибгарлардан жабр кўрмаслигингиз учун бир нечта оддий қоидаларни билишингиз зарурдир.  Энг муҳими: ҳеч қачон ҳеч кимга SMS орқали сизга келган картангизни тасдиқловчи код рақамини айтманг.  

Шунингдек, сизга таклиф этилаётган ҳаволаларга ўтманг, у ерга маълумотларингизни киритманг. Ҳаволаларга эътибор билан қаранг, шубҳали туюлган тарафларига диққат қилинг, тақдим этилган манзил расмий веб-сайт манзилига ўхшаш бўлиши мумкин.  

Картадан ўтказиш йўли билан олдиндан тўловни амалга оширманг, маҳсулот қўлингизга етиб келгандан сўнггина тўланг. Арзон нарх ва етказиб бериш бўйича “савдолашиб”, алданиб қолманг.  Агар реклама берувчи сизни алдаган бўлса, дарҳол алоқага чиқиш тизими орқали расмий веб-сайт маъмурятига хабар беринг.  

Бошқа шаҳарларда маҳсулот сотиш бўйича таклифлардан ҳам эҳтиёт бўлмоқ  даркор. Ҳаридор маҳсулотни етказиб бериш орқали топширишига шубҳа билан қараш керак. Фирибгар ишончингизга кириб, тўловни амалга оширишингиз учун сиздан пластик картангиз кодини, сўнгра эса тасдиқловчи рақамни сўраб олади ва маблағларингизни битта қолдирмай ўз ҳисобига ўтказиб олади. Иш маҳсулотни етказиб беришгача эса етиб бормайди ҳам.  

Маҳсулотнинг арзонлигига кўпам берилмаслик керак, чунки бу усул сизни чув тушуриш учун ишлатилган ҳийла бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бўла олмайди. Айрим фирибгарлар маҳсулот учун аванс талаб қиладилар, пулни олгандан сўнг эса дараксиз йўқолиб қоладилар. Ўзбекистон ташқарисида шахсий рўйҳатдаги харидлардан воз кечишга ҳаракат қилинг. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, агар сиз фирибгар билан Telegram мессенжери орқали алоқа қилган бўлсангиз, унда Telegram-нинг маҳфийлиги жиноятчини топиш ва пулни қайтариш учун деярли ҳеч қандай имконият қолдирмайди. Хабар алмашиш тизимидан ташқарида музокаралар олиб боришда буни ёдда тутиш муҳимдир.    

Мисол келтирадиган бўлсак, шу  йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига Тошкент шаҳри Миробод туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, “Герцептин” номли дори воситасини интернет саҳифаларида излаганини ва ижтимоий тармоқларда  дори сотиш билан шуғулланадиган номаълум бир шахснинг телефон рақамини топиб, SМS-хабари жўнатганини билдирган. Излаётган дориси ҳақида сўраганида ноъмалум шахс дорининг нархи 3.800.000 сўм эканлигини ва топишда ёрдам беришини айтган. Шунингдек, аввалдан бир миллион сўм миқдорида тўловни амалга ошириш кераклигини, пул ўтиши билан дорини етказиб беришини  тушунтирган.  Шундан сўнг номаълум шахс пластик карта рақамини бериб,  тўловни ўтказиши мумкинлигини билдирган. Аризачи “Миллий банк”дан очилган пластик картасидан, унинг пластик картасига 1.000.000 сўм пулни ўтказиб берган.  Бироқ ўша номаълум шахснинг телефон рақами билан бошқа алоқа қилиб бўлмаганлиги сабабли, унинг кимлигини аниқлаб, пулини қайтаришда ва унга нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам  сўраб ички ишларга мурожаат қилган.  

ИИВ ва Хоразм вилояти ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида  ушбу шахс аниқланган. Маълум бўлишича, у танишининг номига  расмийлаштирилган телефон рақамини ишлатиб юрган ҳамда нафақада бўлган бувисининг  пластик картасига мижозларидан олган пулларни ўтказиб, турли банкоматлардан нақд пул қилиб ечиб олган. Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида далилий ашёлар билан қўлга олинган гумонланувчи шу каби ҳаракатлари билан бир неча ўнлаб фуқароларни алдаб, ишончига кириб,  ўзини ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини содир қилганлиги аниқланди"

Text to speech