25 Январ 2023 йил 1054

Ички ишлар органларида хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимларга нисбатан тайинланадиган дастлабки синов муддати бир йил этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январь кунидаги «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 10-сон Қарори билан ички ишлар органларида қабул қилинганлар учун дастлабки синов муддати бир йил этиб белгиланганлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати учун жуда муҳим янгилик бўлди.

Чунки бунга қадар ички ишлар органларига янги қабул қилинган ходимларга синов муддати уч ой этиб белгиланган эди ҳамда ички ишлар органлари тизимига янги қабул қилинган ходимлар хизматга қабул қилинин бир вақтнинг ўзида лавозимга тайинлар, ўз навбатида ушбу қисқа муддатда белгиланган тартиб ва қоидаларга мослаша олмасдан синов муддати давомида ишдан бўшаши ҳолатлари тез-тез кузатилар эди.

Ушбу қарор билан ички ишлар органларида хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимларга нисбатан тайинланадиган дастлабки синов муддатини бир йил этиб белгиланиб, ички ишлар органларига хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида уч ойлик бошланғич касбий тайёргарлик курсларини муваффақиятли тамомлаганидан сўнг тегишли лавозимга тайинланиши белгиланди.

Шунингдек, қарор билан нафақат хизматга янги қабул қилинган ходимлар, балки уларнинг мураббийларининг ҳам масъулияти оширилиб, ички ишлар органларига хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар дастлабки синов муддати даврида ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси қоида ва талабларини бузган ҳолатларда уларга бириктирилган мураббийлар, айбдорлик даражасидан келиб чиқиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазога тортилиши белгиланди.

Ўрнатилган ушбу қоидалар ички ишлар органлари тизимига биринчи марта қабул қилинган ходимларнинг хизматга тўлиқ мослашишларини таъминлаб, келгусида уларнинг хизмат фаолиятини олиб боришида дастуриламал бўлади десак асло муболаға бўлмайди.

Олим Адилов, ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари

Text to speech