ИИБ Самарқандда босқинчилик содир этган уч нафар шахсларни қўлга олди
2021 йил 22 февраль куни уч нафар шахслар Самарқанд шаҳри Фитрат кўчасида яшовчи фуқаронинг уйига кириб, фуқарони уриб хушидан кетказиб, фуқаронинг уйда ишлаётган уй хизматчиси М.ни ювиниш хонасига олиб кириб, чангютгич сими билан қўл ва оёқларини боғлаб, ётоқхонада мавжуд бўлган темир сейф ичидан 42500 АҚШ доллари ҳамда жами баҳоси 2400 АҚШ доллари бўлган ўн турдаги аёллар тилла тақинчоқлари, шунингдек, бахоси 2100 АҚШ доллари бўлган бир дона қўл телефон аппарати ва уч дона планшетларини талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинишган.
Вилоят ҳудудида олиб борилаётган “Зарбдор ойлиги” доирасида ИИБ ходимлари томонидан мазкур жиноятни фош этишга қаратилган тезкор тадбирлар натижасида, ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган шахслар воқеа жойидан сариқ рангли, Нексия-3 русумли, автомашинага миниб қочиб кетганликлари аниқланди.
Зудлик билан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни 1988 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси (Босқинчилик) билан судланган Самарқанд тумани “Қуйи Арабхона” қишлоғида яшовчи Давлат Р., (Нексия-3 русумли, автомашина ҳайдовчиси. Ушбу шахс жиноят содир этганликда гумонланувчи тариқасида олиб келиниб, ундан жами 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган), 1984 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан судланган, Навоий вилояти Навбаҳор тумани “Бешработ” МФЙ Туроб Қулдошев кўчасида рўйҳатда турган Жасур И., (Ушбу шахс жиноят содир этганликда гумонланувчи тариқасида олиб келиниб, ундан жами 6600 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар ҳамда бир дона “MAXWEL” русумли қўл телефон аппаратлари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган) ҳамда 1989 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан судланган, Самарқанд шаҳар А.Икромов кўчасида рўйҳатда турган Аскар И., (Ушбу шахс жиноят содир этганликда гумонланувчи тариқасида олиб келиниб, ундан жами 600 (олти юз) АҚШ доллари ҳамда 500000 (беш юз минг) сўм миқдоридаги пуллар далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган) лар содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати