Иймонни унутманг!
Карвонсарой каптархона дегани эмас!
Бугун Самарқанд шаҳридаги “Мухлис транс парк” карвонсаройи (тир-парки)да шу соҳада хизмат кўрсатаётган барча карвонсаройлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Самарқанд вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов олиб борган йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят солиқ бошқармаси, вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг мутасадди раҳбарлари қатнашишди.
– Ўн кун давомида вилоятимиз ҳудудида олис масофаларга қатнайдиган юк машиналари ва юк ташувчиларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган ўн битта тадбиркорнинг ишини, улар бошқараётган карвонсаройларнинг аҳволини ўргандик, – деди вилоят ҳокими ёрдамчиси Нозир Ибрагимов.
– Минг афсуски, аҳвол ўта ачинарли. Аввало, чет элдан кириб келаётган юк ташувчилар учун сизнинг карвонсаройингиз Ўзбекистоннинг юзи эканини унутманг! Сиздаги шароит, имкониятларга қараб, чет эллик юк ташувчилар Ватанимизга, элимизга баҳо беришади. Айрим карвонсаройларда энг элементар шароитлар ҳам яратилмаган. Аммо ҳаммасида халқимизнинг, Имом Бухорийлар, Имом Термизийлар, Имом Мотурудийлар авлодимиз деб фахрланадиган юртдошларимизнинг юзини қора қиладиган бир “имконият” мўл-кўл! Яъни бу карвонсаройларнинг деярли барчасида фоҳишабозлик авж олган. Бунга ўрганиб бўлган юк ташувчилар шунчаликка боришганки, “Мухлис транс парк” сингари иймонли кишилар бошқараётган, фаҳш ишларга йўл қўймайдиган карвонсаройларга “Сизларда қизлар йўқ экан”, деб кирмайдиган бўлишган. Ваҳоланки, “Мухлис транс парк” иймон-инсофли юк ташувчилар учун энг мукаммал шароитлар яратилган замонавий “Тир-парк”.
– Албатта, биз барча тадбиркорларни қаттиқ огоҳлатирдик, тўғри, Президентимиз “Тадбиркорга тегмайсизлар, тадбиркорларга тўлиқ эркинлик берамиз”, деб такрор-такрор айтадилар, биз ҳам уларнинг эркин бўлишларини истаймиз, аммо барча эркинликлар қонун доирасида, одоб-ахлоқ мезонлари доирасида бўлиши ҳам керак, – деди вилоят ИИБ хавфсиз туризм таъминоти бошқармаси бошлиғи, подполковник Баҳриддин Муродов.
– Бугун биз карвонсаройларини фоҳишахонага айлантириб олган тадбиркорларни огоҳлантирдик, аммо кейинги сафар уларнинг карвонсаройларини ёпишгача бўлган кескин чораларни кўрамиз. Меҳмон учун жонимиз фидо, аммо меҳмон ҳам ҳаддини билсин, мезбон ҳам халқимизнинг юзини шувит қилмасин!
– Юртимизга кириб келган ҳар бир фуқаро сингари юк ташувчилар ҳам транзит йўловчи мақомига эга бўлиб, улар қонунларимизда кўрсатилган муддатдагина юртимиз ҳудудида бўлиб туришга ҳақлидирлар, – деди вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни райсмийлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари, майор Лазиз Ибрагимов.
– Яқинда “Е-меҳмон” тизимини ишга тушириб, барча карвонсаройларни бу тизимга улаймиз ва келган ҳар бир меҳмон қайси карвонсаройда тўхтагани шаффоф ҳолда кўриниб туради.
– Барча карвонсаройлар раҳбарлари белгиланган муддат ичида талабимизга жавоб берадиган замонавий видеокузатув мусламаларини ўрнатишлари талаб этилади, – деди вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Соҳибжон Қурбонов.
– Карвонсаройингизга кирган машинадаги юк ҳали божхона кўригидан ўтмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун карвонсаройингизга кирган машиналардаги юкларга тегиниш, карвонсаройда савдо-сотиқ қилиш мумкин эмас.
Анжуманда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддиларнинг жавобларини олишди.
Анжуман якунида тадбиркорларга карвонсаройлардаги аҳволни ўнглаш учун ўн кунлик муддат берилди. Барча карвонсаройларда “Мухлис транс парк” карвонсарйидаги сингари шароитлар яратиш ва ҳалоллик ва поклик қоидаларини жорий қилиш шарт қилиб қўйилди. Ўн кундан кейин ўтказиладиган ялпи текшириш ишларининг натижалари айримлар учун қувонарли бўлмаслиги мумкинлиги таъкидланди.
Каримберди Тўрамурод, ёзувчи