28 Июл 2020 йил 622

Ҳимоя ордери ҳақида биласизми

“Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат”.

(Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунидан)

“Ҳимоя ордери” тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган жабрдийда хотин-қизларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан берилади. Турмуш ўртоғи, севган йигити, қайнота-қайнанаси, қайинсингиллари, қўни-қўшни, иш жойида бўлса, раҳбари ва бошқалар томонидан жисмоний ёки руҳий зўравонлик қурбонига айланган аёллар мазкур ордер асосида қонуний тарзда муҳофаза қилинади.

Зиммамдаги вазифа ва масъулиятдан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида бўлимимизга қарашли маҳаллаларда истиқомат қилаётган, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига айланган хотин-қизларнинг 30 нафарига шахсан “Ҳимоя ордери” беришни маъқул топдим. Шундан 19 та ҳолатда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилган тушунтириш ишлари сабаб оилалар яраштирилди. Афсуски, 9 тасида бундай саъй-ҳаракатларимиз зое кетди ва оилалар ажрими қайд этилди. Яна 2 та ҳолатда оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолгани туфайли тарафларнинг фуқаролик судига ариза бергани маълум.

Тазйиқ ва зўравонлик ўтказганларнинг 11 нафари тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди. Руҳий зарбага учраб келган жабрдийдаларга психологик ёрдам кўрсатилди, зўровон томонидан тан жароҳати олган заифаларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилди. Зўравонларга турли чекловлар белгиланди.

Бироқ, табиийки, етказилган барча турдаги зарарлар булар билангина унутилиб ёки тузалиб қолмайди. Ушбу жараёнда, энг ёмони, эр ва хотин, қариндош-уруғ, қайнана ёки қайнота ва келин, ёхуд оиланинг бошқа аъзолари ўртасидаги муносабатларга дарз кетади. Кўнгиллар вайрон бўлади. Парчаланган қалб эса зинҳор аввалги ҳолатига қайтмайди...

 Яқинда Зулфия номли маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1996 йилда туғилган фуқаро А. Д. Шаҳар 5-Ички ишлар бўлимига турмуш ўртоғи устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Суриштирувлар натижасида илгари бир неча бор судланган, ҳозирда ҳеч қаерда ишламайдиган эр спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда аёлини уриб, ҳақоратлаб, икки нафар фарзанди билан бирга уни уйидан бир неча бор қувгани маълум бўлди. Шунингдек, ожизага доимий равишда тазйиқ ва зўравонлик ўтказиб келган. Вазият янада чигаллашмаслигини, ёмон оқибатларнинг олдини олиш мақсадида профилактика инспектори Ж. Шаҳриддинов томонидан аёлга “Ҳимоя ордери” берилди. Назорати маҳалла раисининг оила ва хотин-қизлар масалалри бўйича ўринбосари Р. Каримовага топширилди.

"Шодлик" МФЙда яшовчи фуқаро 1962 йилда туғилган Ҳ. Г. томонидан бўлган мурожаатда онахон ўғли томонидан тазйиқ ва зўравонликка учрагани айтилади. Ўрганишлар оқибатида она-бола ўртасида уй-жой масаласида келишмовчилик юзага келгани, ўғилнинг онасини ҳақоратлаб, унга тан жароҳати етказгани ва руҳий тазйиқ ўтказиб келгани маълум бўлди. Тегишли тартибда ва мутасадди ҳамкорлар кўмагида тушунтириш ишлари олиб борилиб, профилактика инспектори З. Бахранов томонидан аёлга “Ҳимоя ордери” берилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари Я. Эрматова мазкур оилада соғлом муҳитни таъминлашга масъул этиб тайинланди.

Шунингдек, ушбу маҳалла фуқароси 1995 йилда туғилган Д. Ю. қайинсинглиси томонидан, Ал-Бухорий номли МФЙда яшовчи М. Б. қизи Ю. Б. томонидан, "Юлдуз" МФЙда яшовчи фуқаро О. М. турмуш ўртоғи томонидан тазйиқ ва зўравонликка учрагани аниқланди. Жараёнлар тўлиқ ўрганилиб, тегишли тартибда жабрдийдалар қонун ҳимоясига олинди. 

Наргиза БАЙДУЛЛАЕВА,

Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ шаҳар 5-сон ИИБ катта инспектори

Text to speech