23 Январ 2021 йил 1289

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар қонун билан тақиқланган

Ўзбек халқ миллий ўйинлари ўзининг узоқ ўтмиши, бой тарихига эга бўлган, аждодлардан авлодларга мерос сифатида ўтиб келаётган, маънавий бойликларимиздан ҳисобланади.

Қадим замонларда халқларда ёши, турмуш тарзи ва эътиқодидан қатъий назар иштирокчилар ўртасида отда юриш, отда чопиш ва пойга, тош кўтариш мусобақалари, камондан ўқ узиш каби қизғин, куч талаб қилинадиган ўйинлар ташкил қилинган. Шунингдек, халқ орасида кўпкари, кураш ва бошқа турдаги миллий ўйинлар кенг тарқалган.

Минг афсуски фуқароларимиз айниқса, ёшлар орасида пул тикиб, турли парранда ва ҳайвонларни уриштириб қимор ўйнаш ҳолатлари кузатилмоқда.

"Миллий халқ ўйинлари" ниқоби остида ўртага пул тикиб парранда ва ҳайвонларни уруштирувчи фуқароларнинг борлиги ачинарли, албатта.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддасида: Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, ҳудди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши, ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган.

Бундан ташқари, мазкур Кодекснинг 191-моддасида: Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш — ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши, ҳудди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ёхуд вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этишга жалб қилиш — ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши белгилаб берилган.

Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш, ноқонуний қимор ўйинларини ташкил этишга ҳамда уларга ўсмирлар ва ёшларни жалб этишга кўмаклашувчи шарт-шароитларга барҳам бериш, қимор бизнесининг ривожланиши салбий оқибатларини олдини олиш, ноқонуний қимор ўйинлари ташкилотчилари ва қатнашчиларининг жавобгарлигини кучайтириш масалалари бугунги кунда долзарб масала ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 278-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 28 мартдаги «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-608-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 176-сонли қарорида қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятларга чек қўйиш, ҳамда жавобгарликни кучайтириш белгиланган.

Жиноят кодексининг 278-моддасида: Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш — етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши,

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, —

етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб берилган.

Бу каби жиноят ва ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш ички ишлар органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси фуқароларимизни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил қилмаслик ва уларда иштирок этмаслик бўйича ОГОҲЛАНТИРАДИ!

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech