Жиноят ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига терговчига 3 минг АҚШ долларини пора тариқасида бермоқчи бўлган аёлнинг "режаси" амалга ошмади
2021 йил 30 июль куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳар Боғдод кўчасида яшовчи, 1976 йилда туғилган С.Ш. яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил этганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
С.Ш. қўзғатилган жиноят иши юзасидан, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-сон ИИБ Тергов бўлинмаси терговчиси ёнига келиб, уни ишини пул эвазига ижобий томондан ҳал қилиб беришини сўраб, 3.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
Ходим унга пора бериш жиноят эканлигини бир неча маротаба тушунтиришига қарамай, С.Ш. 28 август куни 3.000 АҚШ долларини бериш учун келишини айтиб кетган.
Ҳолат юзасидан терговчи ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Билдиргига асосан, 28 август куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ШХББ ҳудудий бўлинмалари Самарқанд вилоят бўйича бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро С.Ш. терговчига 3.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ушланиб, ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати