19 Июл 2022 йил 1526

Иш стажини сохталаштириш орқали нафақа расмийлаштириб бермоқчи бўлган мансабдор шахс ушланди

2022 йил 18 июль куни фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, унда нафақага чиқиши учун Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлимига бориб, ишлаган вақтини ҳисоблатган вақтида, 1 йил 6 ой иш стажи етмаганлигини, шу ерда ўзини Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари деб таништирган К.Ш. билан танишиб қолганлигини, ушбу шахс уларнинг ишончига кириб, етмаган иш стажини сохталаштириш орқали тўғрилаш ва нафақа расмийлаштириб бериш эвазига 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, шу куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар бўлими биносида ўтказилган тезкор тадбир давомида, К.Ш. ўз хизмат хонасида ариза муаллифидан 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech