Иштихон туманида хонадон ертўласидан 1.5 кг “марихуана” олинди
26 октябрь куни “Қорадори-2020” тадбирининг 2-босқичида Иштихон туман ИИБ ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотга кўра, “Юғонтепа” маҳалласида яшовчи, 58 ёшли якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Қ.Ш.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ертўладан “марихуана” гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси далилий ашё сифатида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика бўлими томонидан 26 октябрдаги маълумотномасида, фуқаро Қ.Ш.нинг яшаш уйини кўздан кечиришда топилган яшил рангли, ўткир ҳидли, қуруқ ҳолдаги модда таркибида гиёҳванд модда – “тетрагидроканнабинол” мавжудлиги, бу модда “марихуана” гиёҳвандлик моддаси турига киришлиги ва соф оғирлиги 1.544,02 граммга тенглиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати