13 Октябр 2020 йил 780

Иштихонда “Опий” гиёҳвандлик моддаси ушлаб қолинди

Ҳозирда инсоният бошига турли балоларни солиб, оилаларни ва жамиятни таназзулга олиб борадиган иллатлардан бири гиёҳвандликдир.
Мамлакатимизда ҳам ушбу иллатга қарши курашиш юзасидан кескин чоралар кўрилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ҳамда вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Иштихон туманида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш борасида тадбир ўтказди.
Тадбирда фуқароси А.Р. бошқарувидаги “ВАЗ–2106” русумли автотранспорт воситаси “Ургут-Иштихон” йўналишида ҳаракатланиб келаётганда М-39 йўлининг Иштихон туманига кириш йўл четида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада фуқаронинг курткасининг ички чўнтагидан қора рангли 1 дона сариқ рангли целлофанга ўралган қизқиш жигар рангли ўткир ҳидли “Опий” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш тахминий оғирлиги 200 грамм бўлган модда борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳа энди фуқаро қилмишига яраша жазо олади. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ўзгалар ҳаёти, осойишта турмушига рахна солувчи оғу – гиёҳвандлик воситаларини пуллаш эвазига мўмай даромад орттиришга уринганлар муқаррар қонуний жазога тортилади. Шундай экан, умрнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, ҳалол меҳнат эвазига умргузаронлик қилиш хонадонимизга файз, рўзғоримизга қут-барака бахш этишини доимо ёдда тутайлик.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Text to speech