Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео бўйича расмий муносабат. Фуқаронинг оғизидан олинган номаълум модда марихуана бўлиб чиқди
Ижтимоий тармоқларда “Ички ишлар ходимлари ва фуқаро ўртасида содир бўлган” номли видеолавҳа тарқалди.
Ҳолат 2020 йил 26 октябрь куни соат 15:00ларда Қўшработ тумани Мустақиллик МФЙ Мустақиллик кўчасида содир бўлган.
Ҳайдовчи Т.Р. бошқарувида бўлган “Labo” русумли автомашина шу йўлда қарама-қарши бўлакда ҳаракатланиб, ўз йўлида келаётган ҳайдовчи С.С. бошқарувида бўлган Ваз-2101 русумли автомашина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ 4-отряди ходимлари ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш вақтида ҳайдовчи Т.Р. оғизига номаълум модда солиб, ютишга ҳаракат қилган.
ЙПХ инспекторлари шу ердаги жамоатчилик ёрдамида унинг оғизидан ушбу моддани олиб, ҳайдовчини туман ИИБ маъмурий биносига олиб келишган.
Шунингдек, ҳайдовчининг ёни кўздан кечирилганда чўнтагидан гиёҳванд модда истеъмоли учун мослаштирилган, ангишвона ўрнатилган елим идиш қопқоғи борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Самарқанд вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг судга оид кимёвий экспертиза маълумотномасига кўра, Т.Р.нинг оғизидан олинган модда соф оғирлиги 0,47 граммга тенг марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати