Машинасини пора орқали жарима майдончасидан олиб чиқмоқчи бўлган шахс “ниятига” ета олмади
2021 йил 30 июнь куни соат 20:10 да Самарқанд шаҳрининг Даҳбед кўчасидан ҳаракатланиб келган “Nexia-2” русумли автомашина ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, ҳаракатини давом эттириб, қочиб кетган. Ҳайдовчи бошқа чорраҳада тўхтатилиб, ҳужжатлари текширилганда, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги, тегишли рухсатномасиз автомашинанинг олд ва ён ойналари тусини ўзгартирилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.
01 июль куни ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг олдига келиб, жарима майдонида турган автомашинасини чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилган.
Инспектор фуқарога ушбу ҳаракати ноқонунийлиги, пора бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамасдан, ҳайдовчи ушбу “ниятидан қайтмаган”. ЙПХ инспектори ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Билдиргига асосан, ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими ҳамда шаҳар прокуратураси томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, ҳайдовчи ЙПХ инспекторига 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати