Калтак еб, мурожаат қилмай юрган аёллар ҳимояга олинмоқда
Эшик қарсиллади, деразанинг чарсиллаб сингани эшитилди. Аввал эркак кишининг бўғиқ овози, кейин аёлнинг чинқираб йиғлагани эшитилди. Бир пасда ғала-ғовур, тўс-тўполон бўлиб кетди. Қўни-қўшнига ҳам эшитилди бу овозлар.
«Эҳ, яна шу келин таёқ еди шекилли…, - дея ичидан зил кетди ён қўшнининг. – Қачонгача давом этаркан, бу бечорага кун бормикан?» дея хўрсиниб қўйди.
Эрталаб туриб, маҳаллага борди.
- Опа, шу қўшнимиз хотинини тез-тез уради. Мени айтганимни айтмангку-я, лекин нимадир қилиш керакми, дейман-да, майиб қилиб қўйса-чи?!
- Доим урадими?
- Охирги пайтлар тез-тез такрорланяпти. Бечора келиннинг дарди ичида. Ҳеч кимга айтолмайди. Айтса, қайнонаси яшатмайди, ҳайдаворади. Шуни билиб ота-онасигаям айтмайди.
- Уйига борамиз унда, гаплашиб кўрай-чи.
- Мени айтганимни айта кўрманг, лекин опа. Биласиз у қўшнимнинг феълини.
Маҳалладагилар аввал ўзлари, худди хонадонлардаги вазиятни ўрганиб юргани каби ўша уйга бирров оралашди, вазиятни ўрганишди, оила аъзоларининг барчаси билан алоҳида суҳбатлашишди. Орадан бирор ҳафта ўтиб хотин-қизлар билан шуғулланувчи профилактика инспектори билан келишди. Келинчак зўр-базўр гапириб берди бошидан ўтаётган зуғумларни. Босиқлик ва хотиржамлик билан оила аъзоларига бугун тазйиқ ва зўравонлик бўйича мамлакатда олиб борилаётган ишлар ҳақида тушунча берилди. Келинчакнинг ҳолидан хабар олина бошланди.
Қўшнингизникида нотинчлик. Индамай турманг…
Бизнинг мамлакатда тазйиқ ва зўравонликка қарши кураш худди оила билан курашдай кўринганди ҳали бу ҳақда илк фикрлар, маълумотлар тарқала бошлаганда. Сабаби, бу масалада зўравонни жазолаш оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлиши шунчалик аниқ эдики, буни аксар ҳолларда аёлнинг ўзи истамай қолар, кейин даъвосидан осонгина воз кечиб қўя қоларди. Аҳоли онгида ҳам «эрнинг калтагини емаган хотин борми» каби фикрлар шунчалик ўрнашиб кетган эдики, бундай қарашлар ушбу иллат билан курашнинг йўлига қайта-қайта ғов бўлаверар эди. Баъзан эр-хотин ўртасига тушган одам айбдор бўлиб қоларди, ҳатто.
Хўш, бугун, ҳалиям бу масалада фикрлашимиз жуда илғорлашиб кетмаган бир пайтда тазйиқ ва зўравонликка қарши курашда ички ишлар идоралари қандай йўл тутяпти? Умуман, «оилавий ишимизга милиса аралаштирган хотин билан икки дунёда ҳам яшамайман» деган ақида онгимизга ўрнашиб қолган муҳитда зўравонлик билан курашишда қандай йўллардан фойдаланилмоқда?
- Зўравонликнинг олдини олишда ҳар бир оилага индивидуал ёндашув талаб этилади, - дейди Самарқанд вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сайёра Жумаева. – Баъзи оилаларда рафиқасини ҳимоя қилиш учун очиқ-ошкор борсангиз, бундай ҳолат оилалараро уруш-жанжалларни келтириб чиқариб, акс таъсирини кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир маҳаллада ўша зўравонлик содир бўлган, нотинчликлар мавжуд оила аъзоларини яхши танийдиган инсонлар ҳамкорлигида тушунтириш ишлари олиб борилади. Баъзи оила аъзолари билан қатъийроқ гаплашиш лозим. Одатда нотинч, зўравонлик содир бўлаётган оилалардаги вазиятни яхшилаш учун бир марта тушунтиришнинг ўзи етмайди, улар доим назоратда бўлиши керак. Шунақа пайти қўни-қўшнилар, қариндошларнинг ҳам фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Яъни, агар ўша оилада содир бўлаётган нотинчликни сезгач, дарҳол бу ҳақда телефон орқали мурожаат қилишса, турли нохуш вазиятларнинг олди олинган бўларди. Кейинги пайтларда фаолларнинг шундай мурожаатлари пайдо бўлаётгани қувонарли, албатта. Сабаби, баъзи аёллар турмуш ўртоғидан йиллаб калтак еб келган, аммо буни айтишни истамайди. Мана шундай ҳолатларда ҳам атрофдагиларнинг бефарқ эмаслиги муҳим.
19 кун ичида 551 оилада нотинчлик аниқланди
- Зўравонликнинг олдини олиш мақсадида вилоят миқёсида ўтказилаётган “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги” махсус профилактик тадбирига бугунги кунда 1190 нафар ИИО ходимлари, яъни профилактика инспекторлари ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар, шунингдек, 1814 нафар жамоатчилик вакиллари жалб этилди, - дейди Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар билан ишлаш бўлими катта инспектори Нилуфар Сатторова. - Тадбир давомида, яъни 20 сентябрь кунидан октябрь ойининг ўнинчи санасига қадар 4557 оила ўрганилиб, келишмовчилиги мавжуд бўлган 551 оила аниқланди. Бу оилаларда профилактика инспекторлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари, тиббиёт бирлашмалари ҳамда бандлик бўлимлари масъул ходимлари билан биргаликда профилактик ишлар олиб борилди. Натижада 113 муаммо аниқланиб, шундан 74 таси жойида ижобий ҳал этилди, 97 ҳолатда нотинчликка барҳам берилди, 37 ҳолатда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ўзаро яраштирилди.
Олиб борилаётган тадбир давомида оила турмуш муносабатлари доирасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган 150 шахс аниқланиб, ҳудудий профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан жабрланган хотин-қизларга тегишли тартибда “ҳимоя ордери” расмийлаштирилиб, ордерда белгиланган чеклов талаблари бўйича батафсил ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилди.
Гулруҳ Мўминова