31 Август 2020 йил 4359

Карантин қоидаларини бузиб, тўй ўтказган ошхона маъмуриятига чора кўрилди

Хабарингиз бор Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилган.

2020 йил 29 август куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 6-сон ИИБга Самарқанд шаҳридаги Мароқанд кўчасида жойлашган “Мароқанд” ошхонасида 40 нафардан ортиқ фуқаролар билан туй-маросими ўтказилаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Хабарга асосан ҳудуд профилактика инспектори томонидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилганда, ҳақиқатдан ҳам ушбу ошхона маъмурияти Республика махсус комиссиясининг баёни талабларини бузганлиги аниқланган.

Ошхона маъмуриятига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Самарқанд вилояти Давлат санитария эпидемиология назорати марказига юборилди.

Самарақанд вилояти Ички ишлар бошқармаси фуқаролардан яна бир бор карантин чекловларига риоя қилишларини сўрайди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech