Каттақўрғон шаҳрида вояга етмаганлар билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган йиғилиш ўтказилди
ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ТАҚДИРИГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида 2021 йил 23 январь куни вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, айниқса мактаб ўқувчилари билан маънавий-маърифий ишлар аҳволи юзасидан 2020 йил 12 ойи давомида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар бўлими, прокуратура ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари, таълим муассасалари директорлари, уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, мактаб психологлари ва ёшлар етакчилари, шунингдек, барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этдилар.Тадбирни шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова очди.
Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилиш давомида ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Айни вақтда Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 18 та умумтаълим мактабида 16620 нафар ўқувчи-ёшлар таълим-тарбия олиб келмоқда. Мавжуд 445 та тўгаракка 7574 нафар (45.6%) ўқувчи қамраб олинган. Ёшлар ўртасида кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этилмаганлиги билан ҳам боғлиқ.2020 йил давомида 4-,6-,18-умумтаълим мактаб ўқувчилари томонидан жиноят содир этилган. 2021 йил январ ҳолатига кўра шаҳардаги 18 та умумтаълим мактабларидаги 10 нафар ўқувчи ИИБ профилактика назоратига олинган. ИИБ профилактика ҳисобида турган ўқувчиларни мактаблар кесимида таҳлил қилинганда 8-мактабда 1 нафар, 11-ИДЎМда 2 нафар 16-мактабда 2 нафар ва 18-мактабда 2 нафарни ташкил этади.
Яна ачинарли ҳолатлардан бири, 15 мактаб ўқувчиси Усмон Носир маҳалласида яшовчи Қ. исмли ўқувчи Ислом Шоир маҳалласида жойлашган ишламайдиган конга ўзини ташлаб, жонига қасд қилган. 4-умумтаълим мактаб ўқувчиси П. яшаш жойидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мактабларда ўқувчилар давоматини назоратга олиш, дарслар сифатига эътибор бериш, мактабларда соғлом муҳит, соғлом жамоа яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, таълим муассасаларида тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишда камчиликларга йўл қўйган ва ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан қараган раҳбар ва ходимларга интизомий чоралар кўрилиши таъкидланди.Шу билан бирга, йиғилишда вояга етмаган мактаб ўқувчилари, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг маънавий тарбияси билан жиддий шуғулланиш ва мутасадди ташкилотларнинг бу борадаги ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги