Сўнгги кунларда йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига амал қилмаслик, эҳтиётсизлик оқибатида юз бераётган ноҳуш ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда. Ачинарлиси, бу ҳолатларда бегуноҳ фуқароларнинг азият чекиши, бевақт вафот этишидир. Қуйидаги ҳолат ҳам бундан мустасно эмас.
Жорий йилнинг 9 май куни кеч соат 21:30 ларда Пайариқ тумани “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудудидан ўтувчи 4К-496 автомобил йўлининг 5-километрида "Damas" ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги 9 ёшли болани уриб юборади.
Кўрсатилган муолажаларга қарамай бола тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
“Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғинида мазкур йўл транспорти ҳодисасига бағишланган муҳокама ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар, бугун йўллардаги қоидабузаликларнинг катта қисми ҳайдовчиларнинг айби билан содир этилаётганини таъкидлашди. Йўлларда қоидаларга амал қилмаслик инсон тақдирига бефарқлик эканлиги, бундай ҳолатлар қанчадан-қанча инсонларнинг умрига зомин бўлаётганига эътибор қаратилди.
Йўл хатони кечирмайди. Шу боис ҳайдовчи, пиёда, йўловчи сифатида ҳаракат иштирокчисига айланган ҳар бир инсон доим эътиборли ва эҳтиёткор бўлиши, қоидаларга сўзсиз бўйсиниши керак. Токи, бир-бировининг айби билан жабр кўришмасин.
Муҳокама доирасида иштирокчиларга Самарқанд ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати ходимлари томонидан йўл ҳаракати қоидалари ҳақидаги буклетлар тақатилди. Ва йўл транспорти ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабалари, аянчли оқибатларига бағишланган видео ролик намойиш этилди.
Ҳурматли ҳайдовчилар, йўлларда доимо ҳушёр, эътиборли, шошмасдан ҳаракатланишингизни сўраймиз!
Унутманг! Биргина хато инсон умрига зомин бўлиши мумкин.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
“Postda” мухбири.
Самарқанд вилояти.