26 Январ 2021 йил 751

Назоратдаги шахсларнинг 355 нафари яна қайта жазога маҳкум этилди

2020 йилда вилоят ИИБ пробация назоратидаги 6379 нафар шахснинг 3793 нафари бевосита озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо муддатларини ўтаётган бўлса, 2586 нафари рўйхат ҳисобига олинган.

Бугун асосий эътибор назоратдаги шахсларни ижтимоий муҳитга мослаштириш, келгусида улар томонидан такрорий жиноят содир этилишини олдини олишга қаратилмоқда.  

Ўтган йилда белгиланган жазони ўташга ҳалол муносабатда бўлган 2667 нафар назоратдаги шахснинг ўталмай қолган жазоси муддатидан илгари тугатилиб, улар шартли равишда озод этилди.

Аммо берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан, тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган шахслар ҳам йўқ эмас. 2020 йилда ана шундай назоратдаги 355 нафар шахснинг ўталмай қолган жазо муддатлари жазонинг оғирроқ турларига, хусусан, 185 нафарининг жазоси озодликдан маҳрум этишга алмаштирилди.

Жумладан, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган К.Тутаков суд томонидан белгиланган чекловларни бир маротаба бузганлигидан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан яна такроран бузганлиги учун унинг ўталмай қолган 2 йил 8 ой озодликни чеклаш жазоси, Жиноят кодексининг 481-моддасига асосан шу муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилди. 

З.Абдураҳмонов,

Самарқанд вилояти ИИБ пробация бўлими бошлиғи, подполковник.

Text to speech