Нотариусдан товламачилик йўли билан 38 000 АҚШ доллари талаб қилган фуқаро қўлга олинди
2021 йил 07 май куни Самарқанд вилояти ИИБга, Қаттақўрғон шаҳрида нотариуслик фаолияти билан шуғилланувчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Ш. исмли шахс 2020 йил сентябрь ойидан буён уни фуқаролар ўртасидаги уй-жой олди-сотти шартномасини ноқонуний расмийлаштирганлигини рўкач қилиб, жиноий жавобгарликка торттириб, қаматиб юбориш билан қўрқитиб келаётганлигини, 38 000 АҚШ доллари эвазига тергов органига бориб айби йўқлигини ёзиб бериб, тинч қўйишини айтиб, ундан товламачилик йўли билан пул талаб қилаётганлигини билдирган.
Аризага асосан, ўтказилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, Каттақўрғон шаҳар кадастр ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича жиноят иши мавжудлиги, жиноят иши юзасидан хусусий нотариуснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.
Шундан сўнг, мазкур аризага асосан, 07 май куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида тезкор тадбир ўтказилиб, Каттақўрғон тумани Баланд Чордара МФЙда яшовчи М.Ш. ариза муаллифидан 33 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни товламачилик йўли билан қўлга киритган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб ҳужжатлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати