4 Ноябр 2020 йил
568
Нуробод туманида поезд йўлига тош қўйган мактаб ўқувчиси аниқланди
29 октябрь куни Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига “Қарши-Самарқанд-Тошкент” йўналишидаги “Афросиёб” юқори тезюрар йўловчи поезди “Улус-Гумбаз” темир йўл бекатлари оралиғида ҳаракатланаётган вақтида темир йўл изига тош қўйилганлиги аниқланган.
Суриштирув ишлари натижасида темир йўл изига тош бўлакларини қўйган фуқаро 6-синф ўқувчиси Нуробод тумани, “Олтинсой” МФЙда яшовчи вояга етмаган С.Ж. эканлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, бундай қизиқишнинг оқибати аянчли якун топиши мумкин. Масалан, поезд рельсдан чиқиб кетиши, инсонларнинг ҳаёти хавф остида қолиши, шунингдек, техноген ёки экологик фалокат юз бериши мумкин. Бу каби ҳаракатлар йўловчилар ва юкларни ташишда поездлар ҳаракати хавфсизлигига бевосита таҳдид солади ва ҳаракат жадвалининг бузилишига олиб келади. Ўзингиз ва ўзгаларнинг ҳаётига бефарқ бўлманг.