7 Октябр 2020 йил 818

Огоҳ бўлинг фирибгар

Бугунги кунга келиб фирибгарлик жамиятимизда нега кўпайди? Бунинг сабаби қонунларимиздаги бўшлиқларми, тизимдаги камчиликми ёки аҳолининг соддалиги, яъни ҳуқуқий савиянинг пастлигими? Умуман, бу барҳам топиши мумкин бўлган иллатми?

Ижтимоий тармоқларда ҳозирги пайтда бу саволлар қизғин муҳокама этиляпти. Чунки мамлакатдаги жиноятларнинг ярми фирибгарлик билан боғлиқ экани ҳақида расмий маълумот эълон қилингач, ҳамма ташвишга тушиб қолди. Тўғриси, ташвишга ўрин бор. Қолаверса, айтилаётган турли фикрларга ҳам эътироз билдириб бўлмайди. Нега?

Ҳолатга сал яқинроқ назар ташлайлик. Фирибгарлик бугун пайдо бўлган эмас, инсон туғилганидан бошлаб унга шайтон шаклида ҳамроҳ бўлади. Бой, ривожланган, маданиятли ёки қолоқ ва ривожланаётган давлатларда ҳам фирибгарлар бор. Эҳтимол, бундан кейин ҳам бўлади.

Фирибгар луғатларда алдамчи, найрангбоз, макр қилувчи, ҳийлагар тарзида ифодаланади. Ҳийлагарлик тасодифий ҳолат эмас, бундайлар ҳар бир ҳийлани ўйлаб, пухта амалга оширади. Макр йўли билан бировнинг мулкини қўлга киритишга ёки шум мақсадига эришишга интилади.

Фирибгарлик гарчи икки киши ўртасида бўлса-да, жамият учун хавфли. Чунки у одамлардаги ишонч туйғусини йўқотади, аламзадаликни келтириб чиқаради. Шу сабабли хаёлига фирибгарлик келадиган шахсларга аллома Абдурауф Фитратнинг қуйидаги сўзини айтмоқчиман: “Диёнат ва номус бир оиланинн саодати ва интизоми учунгина эмас, балки бир мамлакатнинг саодати ва барқарорлиги учун ҳам зарур ва лозимдир”.

Эсингиздами, совет даврида уй алмашишда фирибгарлик авж олганди. Гўё бир киши (одатда улар бошқа миллат вакили бўларди) чет давлатга «кўчади», ўша давлатдан бу ерга бошқа одам «кўчиб келади». Аслида уй-жой идораси ходими пул эвазига кимгадир квартира олиб беради. Бундай ўйинлар ўзимиздаги шаҳар ва туман марказлари ўртасида ҳам амалга ошириларди. Ёки ёлғондан пропискага қўйиш орқали уй олиб бериш ҳийласини эсланг.

Сал кейинроқ қизлар ўзидан 30-40 ёшли эркак билан никоҳдан ўтиб, чет элга чиқишни ўйлаб топишди. Яъни, «эр-хотин» бирга хорижга чиқади ва… бобой тушмагур ваъда қилинган пулни олиб, шу аэропортдан яна ортга қайтади. Ўғлини четдаги хусусий олийгоҳга қўйиб, кейин унинг номидан ўзимизда хорижий корхона, қўшма корхона очганлар қанча. Хорижий инвестиция дегани, ўзимизнинг маблағ бўлиб чиқди.

Қишлоқ фуқаролар йиғини тугатилганига қанча бўлди? Буку майли-я, совет давридаги қишлоқ совети қарори билан яқин-яқингача фуқароларга уй-жой расмийлаштирганларни кўрдик. Гап шундаки, ҳуқуқий кучга эга эмас ўша қарорларга ўнлаб янги фамилиялар тиркалди, ваҳоланки улар бутунлай бошқа туманларда яшашган.

Кўп ўтмай Аҳмадбой деган киши қанчалаб пулдорларни (бечораларни эмас) кўз ўнгимизда чув туширди. Ночорларга молиявий саховат кўрсатилганда мурувват пулини интернет орқали ўғирлайдиганлар, пластик карточкадан пулни билдирмасдан ечиб оладиганлар пайдо бўлди. Ўзини ўт ўчириш хизмати ходими, газ, электр идораси назоратчисиман, деб одамлардан пул йиғиб кетганларни айтиб ўтирмасак ҳам бўлади. Машина олиб бераман, ўқишга киритаман, четга ишга юбораман, деб содда одамларнинг пулини олиб бермай юрганлар бор. Демоқчиманки, фирибгар учун замон ва шароитнинг аҳамияти йўқ, у ҳар қандай вазиятда ўз ҳийласига йўл топади.

Хўш, унда бу тоифа кишилардан қандай сақланиш мумкин?

Тўғри, давлат барча соҳаларда тартиб-интизом ўрнатяпти. Бюрократик тўсиқлар барҳам топяпти, инсон омили камаймоқда. Шу боис фирибгарлар асосий ҳийласини одамлар ўртасига «кўчиряпти». Ҳатто ўз қилмиши учун жазо олиб чиққан фирибгарлар ҳам яна шу жиноятга қўл уряпти. Уларнинг аксарияти бегона эмас, ёнимизда юрган кишилар. Шундай экан, бунинг йўли битта, ўзаро муносабатларда ҳушёрликни унутмайлик, етти ўлчаб бир кесайлик, ҳуқуқий билимимизни ошириб борайлик.

Фармон Тошев.

Text to speech