Ҳоким, вазир ва ёшлар
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Самарқанд вилояти ҳокими, Ички ишлар вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда республика Халқ банки мутасадди раҳбарлари иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Ёшларнинг аксарияти, ҳатто 20 ёшли ўсмирлар ташаббус билан чиқиб, бирор корхона қуриш ёки боғ яратиш учун ер, маблағ сўраши таҳсинга сазовор. Кредит олишда ёрдам сўраган ёшларнинг барчасига бу борада қисқа вақтда амалий ёрдам бериладиган бўлди. Ер, жой сўраганларга бунинг йўли тушунтирилди.
Эътиборлиси, ёшлар шахсий муаммолари билангина мурожаат қилмадилар, улар халқ манфаати учун муҳим бўлган ижтимоий масалаларни ҳам кўтардилар. Масалан, Самарқанд шаҳридаги 71-мактабда ёшлар етакчиси бўлиб ишлайдиган қиз бир неча кўчаларда улгуржи савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар кўчанинг пиёдалар қатнови қисмини ўз маҳсулотлари билан тўлдириб ташлаганларини, йўловчилар ҳаракатланишига бу ҳол халақит бераётгани, пиёдалар йўлаги бандлиги сабабли кўчанинг машина қатнайдиган қисмидан юришларига тўғри келаётгани, бу эса пиёдалар ҳаётига жиддий хавф туғдираётганини айтиб, бу масалада тартиб ўрнатилишини сўради. Мурожаат шу ернинг ўзида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан назоратга олинди.
Ёшлар томонидан учрашув давомида жами 66 та муаммолар, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шундан:
- Кредит олиш масаласида – 27 та;
- Ишга жойлаштириш, бандлигини таъминлаш масаласида – 15 та;
- Уй-жой олишда амалий ёрдам кўрсатиш масаласида – 8 та;
- Ер ажратиб бериш масаласида – 3 та;
- Олий таълим муассасаси билан тузилган тўлов шартномасига асосан ўқиши учун тўловни тўлаб берилишида амалий ёрдам сўраб – 2 та;
- Қурилиш масаласида – 1 та;
- Бошқа масалалар бўйича – 10 та мурожаат бўлди.
Учрашув чоғида Ички ишлар вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда республика Халқ банки мутасадди раҳбарлари ҳам ўзларига тегишли саволларга жавоб бердилар ва айрим масалалар ечимини зиммаларига олишди.
Каримберди Тўрамурод, ёзувчи.