Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қонун билан тақиқланган
Ҳокимият вакиллари ўз қонуний фаолиятини тўла тўкис амалга ошириши учун ҳуқуқий ҳимоя муҳим аҳамиятга эга. Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш нафақат уларнинг ҳаёти ва соғлиғига, балки ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига ҳам путур етказади. Бу эса давлат ҳокимиятининг ва мамлакатдаги ҳуқуқ-тартиботнинг заифлашишига олиб келади.
Ҳокимият вакилларига нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликларга қарши давлат томонидан муносиб жавоб бериш эса ҳокимият вакилларининг ҳуқуқларини таъминлаш кафолати бўлиб хизмат қилиши билан бирга, бошқарув тартибига тажовузларнинг ўз вақтида олдини олишга имкон беради. Ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳуқуққа хилоф ҳаракатнинг ижтимоий хавфилиги уларнинг нормал хизмат фаолиятини бузилишида, шунингдек, ўз шахсий хавфсизлигига бўлган ишончсизликда ифодаланади. Ю.В.Баглай жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган ҳокимият вакилиги нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликлар “ҳокимият вакили томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида унинг ҳаёти, соғлиғи, шахсий дахлсизлигига нисбатан қаршилик кўрсатишдан мақсад – ҳокимият вакилининг ушбу фаолиятини мураккаблаштириш ёки тўхтатишга қаратилгандир. Бундай ҳаракатлар нафақат ҳокимият органларининг нормал фаолиятини бузади, балки ҳокимият вакилининг аҳоли орасидаги обрўсига путур етказиб, давлат ҳокимияти институтларининг бошқарув фаолияти жараёнига таъсир қилади” деб ҳисоблайди.
Л.A.Букалерова ўз тадқиқот ишида жиноят таркибининг элементларидан бири- жиноятнинг объектив томонини қуйидагича изоҳлайди:
- жиноятнинг объектив томон белгиларисиз, субъектнинг ҳаракатларида жиноят аломиатлари бўлмайди;
- объектив томон белгиларини тўғри белгилаш билан жиноятни маъмурий ҳуқуқбузарликдан аниқ ажратиш имконини беради;
- жиноятнинг объектив томонини таҳлил қилиш содир этилган жиноий қилмишнинг малакасига, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини баҳолашга, натижада субъектнинг табиати ва жавобгарлик даражасига сезиларли таъсир қилади;
- жиноятнинг объектив томони элементлари суд томонидан жазонинг тури ва миқдорини белгилашда, қолаверса, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида ҳисобга олинишида асос бўлади.
Бугунги кунда айрим фуқаролар ҳокимият вакилларининг қонуний ҳаракатларига очиқдан очиқ тўсқинлик қилиш ва зўрлик ишлатиш ҳолатларини содир этмоқда. Бу ҳаракатлар олдинги даврларга нисбатан анча кўпайиб бормоқда. Бундай ҳаракатлар ижтимоий тармоқларда ҳам кенг тарқалмоқда.
Статистикага эътибор берадиган бўлсак, ҳокимият вакилига нисбатан фаол қаршилик кўрсатиш жиноятларининг сони ошган, жумладан 2019 йилда – 243 тани, 2020 йилда эса 251 тани, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тажовуз кайфияти ҳам ортиб, 2018 йилдаги 24,1 минг ҳолат содир этилган бўлса, 2020 йилда 39 минг ҳолатни ташкил қилмоқда.
Қонунчилигимизда бундай салбий ҳолатларга мутаносиб жавобгарлик белгилашга ҳамда ҳокимият вакилларига, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва соғлиғига тажовуз қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришга эҳтиёж сезилмоқда. Бу тўғрисида Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Сўнгги пайтларда йўл ҳаракати инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш учун қонун йўқ, шунинг учун инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаймоқда. Қонунларни кўриб чиқишда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур” деб таъкидлаб ўтдилар.
Ўзбекистонда ҳокимият вакилининг ҳаёти ва соғлиғига тажовуз қилишнинг ижтимоий хавфлилиги қуйидаги асосий мезонлар билан белгиланади:
биринчидан, ушбу тажовузларни содир этиш натижасида жамоат хавфсизлиги, жабрланувчининг шахси ва бошқарув тартиби каби муносабатлар жиноий таъқибга дучор бўлади;
иккинчидан, бундай тажовузларнинг жамиятга беқарорлаштирувчи таъсири мавжудлиги;
учинчидан, сўнгги йилларда мазкур турдаги жиноятлар сонининг ортиб бораётганлиги.
“Қаршилик кўрсатиш” тушунчаси турли адабиётларда турлича талқин этилади.
Хусусан, РФ 2007 йил 15 ноябрдаги “Безорилик ва безорилик сабабларидан содир этилган бошқа жиноий ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ОСП қарорида “ҳокимият вакилига ёки жамоат тартибини ҳимоя қилиш вазифаларини бажарувчи бошқа шахсга қаршилик кўрсатиш деганда-ҳуқуқбузар шахснинг ҳокимият вакилига ёки жамоат тартибини ҳимоя қилиш вазифаларини бажарувчи бошқа шахснинг қонуний ҳаракатларини, бартараф этиш учун қасддан қилган ҳаракатлари тушунилиши керак” мазмунида таъриф берилган.
М.Х.Рустамбаев ҳокимият вакилига “давлатнинг бирон-бир ҳокимият органининг номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёхуд барча фуқаро ёки мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс”ҳисобланади.
Д.Е.Дроздов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг мансабдор шахси деганда, “шахс, жамият ва давлат манфаатлари мувозанатини сақлаш бўйича доимий, вақтинча ёки махсус ваколатлар орқали оммавий функцияларини бажарадиган қонунда белгиланган тартибда маъмурий ваколатларга эга бўлган, муайян процессуал шаклларда ҳаракатларни амалга оширадиган ихтисослашган давлат органининг шахси”ни тушуниш керак деб таъкидлайди.
И.В.Петров эса “ҳокимият вакили деганда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ёки назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат жиҳатидан қарам бўлмаган шахсларга нисбатан маъмурий ваколатларга бўлган бошқа мансабдор шахс” тушунилади деб ҳисоблайди.
Баъзи соҳа олимлари эса, “ҳокимият вакили” деганда “суд органларида, прокуратура органларида, адлия органларида, ИИВ, ДХХ, божхона органлари (судьялар, прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар, терговга қадар текширув органларининг мансабдор шахслари, тезкор-қидирув фаолиятини олиб борувчи орган ходимлари)да” фаолият юритаётган шахслар тушунилади, деб ҳисоблайди.
Хорижий давлатлар қонунчилигида мазкур шахслар тоифаси аниқ мустаҳкамланганлигини кўришимиз мумкин. Мисол учун, Россия Федерациясининг 1995 йил 20 апрелдаги “Судяларни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини давлат томонидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Федерал қонунига кўра қуйидаги шахслар хавфсизлиги, ҳаёти, соғлиғи давлат томонидан муҳофазага олинган:
1) судьялар, суд маслаҳатчиси;
2) прокурор;
3) терговчи;
4) суриштирувчи;
5) терговга қадар текширув органларининг мансабдор шахслари;
6) тезкор-қидирув фаолиятини олиб борувчи орган ходимлари;
7) ИИО ходимлари;
8) ДХХ ходимлари;
9) ЖИЭМ ходимлари;
10) қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши,
ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва бостириш устидан назоратни амалга оширувчи Президент
назорат органлари;
11) божхона ва солиқ органлари
12) мазкур шахсларнинг яқин қариндошлари.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўз фаолиятининг табиатига кўра, кўп ҳолларда уларнинг ҳаёти ва соғлиғига тажовуз қилиш билан боғлиқ қаршилик кўрсатадиган жиноятчилар билан тўқнашишига тўғри келади. Ушбу турдаги жиноят учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддасида назарда тутилган бўлиб, унинг жиноят таркиби эленти бўлмиш объектив томони “хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатишда ёки қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш” да ифодаланади.
Шарҳланаётган жиноятни тўғри квалификация қилиш учун қуйидагиларни аниқлаш лозим:
– қаршилик кўрсатиш ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахснинг қонуний, яъни қонунга зид бўлмаган ҳаракатларига қарши йўналтирилганлиги;
– қаршилик кўрсатиш шахс томонидан ўз хизмат вазифаси ёки фуқаровий бурчи ижро этилаётган вақтида содир этилганлиги.
Ўтказилган тадқиқотлар ҳокимият вакилига қарши содир этилган жиноятларни бошқа, турдош жиноятлардан ажратиш зарурлигини кўрсатмоқда. Бу, биринчи навбатда, Жиноят кодексининг 219-моддасида назарда тутилган ҳокимият вакилининг ҳаёти, соғлиғи, шахсий дахлсизлиги, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилсада, жиноятнинг махсус объекти бошқарув тартиби ҳисобланади, иккинчи томондан жиноятнинг бошқа махсус ва бевосита объектлари доирасини (97-м. 2-қ. “г” банди; 104-м. 2-қ. “б” банди; 105-м. 2-қ. “в” банди; 112-м. 3-қ.; 140-м. 3-қ. “а” банди; 173-м. 3-қ. “а” банди; 277-м. 3-қ. “г” банди – “хизмат вазифаси ёки фуқаролик бурчини бажарганлиги муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан”) фарқлаш зарур.
Ю.В.Баглай бу каби нормалар рақобатини ҳамда жиноятларни ўзаро бир-биридан фарқлашди қуйидагиларни инобатга олиш керак деб ҳисоблайди: - жабрланувчилар доирасига кўра;
- жиноятчининг ниятига кўра;
- мотив ва мақсадига кўра;
- объектив томоннинг белгиларига кўра.
Амалдаги Жиноят кодексининг 219-моддаси биринчи қисми ҳокимият вакилига фаол қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарликни белгиласа, модданинг иккинчи қисми объектив томондан ҳокимият вакилининг ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилишда ифодаланади.
Бироқ модда диспозициясида хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш чегараси аниқ белгилаб берилмаганлиги бугунги кунда мазкур жиноятларни квалификация қилишда, уларни маъмурий ҳуқуқбузарликлардан ажратиш чегараларини белгилашда, шунингдек, жиноятлар мажмуи тарзида квалификация қилишда турли хил талқин қилинишларга ва тушунмоқчиликларга сабаб бўлмоқда.
Амалдаги Жиноят кодексининг 219-моддаси биринчи қисми мазмунидаги фаол қаршилик кўрсатиш деганда, айбдор томонидан ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахснинг ўз вазифаларини адо этишига тўсқинлик қилишга қаратилган ҳаракатлари, масалан, жиноятчини ушлашга, жиноят қуролларини тортиб олишига, тинтув ўтказилишига тўсқинлик қилиши, эркинликларни чеклаши ва ҳ.к. содир этилишини тушуниш зарур. Бунда, фаол қаршилик кўрсатиш жисмоний зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрликни қўллаш билан таҳдид қилиш орқали амалга оширилиши мумкин. Бунда жисмоний таъсир кўрсатишда ифодаланадиган зўрлик жисмоний оғриқни етказмаслиги ҳам мумкин. Хусусан, зўрлик ҳокимият вакилини ўз мансаб мажбуриятларини бажариш имкониятидан маҳрум қилиш мақсадида ушлаб туришда, бир жойдан иккинчи жойга кўчишига тўсқинлик қилишда ифодаланиши мумкин.
Яъни ҳуқуқни қўллаш жиҳатидан айтадиган бўлсак, ЖКнинг 219-моддаси биринчи ва иккинчи қисм диспозицияларида ифодаланадиган қаршилик кўрсатиш ва мажбурлаш доираси фақатгина енгил тан жароҳатигача бўлган ҳолатгача (Соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш) инобатга олинади.
Ҳокимият вакилиги қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарликнинг ижтимоий-криминологик шартлилиги муаммоларини кўриб чиқиш натижасида қуйидаги илмий хулосаларга келинди:
- замонавий жиноий вазиятда ҳокимият ва бошқарув вакилларига нисбатан зўравонлик ҳаракатларининг кучайиб бораётганлиги аниқ намоён бўлмоқда. Улар нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ишини бузиш ва заифлаштиришни, балки зўравонлик таъсири орқали "ҳокимиятга кириб боришни" ҳам мақсад қилган;
- ҳокимият вакилига қарши зўравонлик жинояти механизмида ҳокимият вакилининг мансаб вазифалари туфайли "ижобий қурбонлик" асосий рол ўйнайди;
- ҳокимият вакилларининг виктимлигини оширадиган ҳолатлар: жиноятчиликнинг умумий ўсиши, коррупция, моддий-техник жиҳозларнинг ёмонлиги ва бошқалар.
Бир қатор олимлар томонидан “зўрлик” атамасига муаллифлик таърифлари келтирилган бўлиб, К.В.Безручконинг фикрича “зўрлик деганда, жисмоний куч ишлатиш билан тавсифланувчи қасддан, ижтимоий хавфли, ноқонуний ҳаракатлар бевосита ёки билвосита (вояга етмаганлар ёрдамида, ҳайвонлар, руҳий касалликларга чалинган шахслар) тажовуз, шунингдек, жабрланувчининг иродасига қарши унинг танасига шахсий дахлсизлигини бузиб, соғликка зарар етказиш ёки ҳаётдан маҳрум қилиш, эркинликни чеклаш мақсадида кучли таъсир қилувчи, заҳарли, заҳарловчи, радиоактив модадларни, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни киритиш (жисмоний зўрлик), шу билан бирга, жабрланувчига ёки унинг яқин қариндошларига юқорида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш орқали ёки амалга оширишни таҳдид қилиш орқали ахборотли таъсир қилиш ёхуд жабрланувчининг содир бўлаётган воқеани англай олмайдиган руҳий ҳолатга солиш (психиатрия ва психотерапия методларини қўллаган ҳолда/руҳий зўравонлик).
Фикримизча, амалдаги Жиноят кодексида "зўрлик", "жисмоний зўрлик" ва "руҳий зўрлик" каби тушунчаларнинг мустаҳкамланиши ҳуқуқни қўлловчи органлар ва амалиёт ходимлари орасида турлича талқин қилинишларга чек қўйиш билан бирга, зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларни саралаш амалиётини соддалаштиришга имкон беради.
К.В.Безручконинг фикрича, “мажбурлаш бу жабрланувчининг шахсий дахлсизлигига тажовуз қиладиган зўравонлик ишлатишда ифодаланган, жабрланувчининг иродасига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳаракатларни содир этиш таҳдиди ҳақидаги маълумотларни унинг эътиборига етказиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар”.
Таҳлиллар ва тадқиқотлар ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари турлича эканлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Р.Т.Гамидов ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларга нисбатан зўрлик ишлатиш иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, мафкуравий, психологик ва ташкилий омиллар билан белгиланади, деган фикрда.
Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида турлича фикрлар, қарашлар мавжуд. Хусусан, суд амалиётининг таҳлилларига кўра, биринчи навбатда, амалдаги қонунчилик ҳолатини синчковлик билан ўрганиш ва такомиллаштириш масалаларини ҳал этиш лозим. Булар қаторига умумий ва махсус нормалар рақобатида квалификация муаммолари, ўрганилаётган нормаларда жабрланувчи ролини тўғри аниқлаш муаммолари, қонунчиликда таърифларни аниқ мустаҳкамлаш ва талқин қилиш муаммолари кабилар.
Мазкур фикрни С.А.Борисихинанинг илмий қарашлари ҳам исботламоқда. Унинг фикрича, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш, зўрлик ишлатиш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишда жиноий-ҳуқуқий воситалар асосий аҳамиятга эга. Қолаверса, ҳокимият вакилларининг жабрланувчига айланишига туртки берувчи ҳолатларни бартараф этиш, камайтириш ва зарарсизлантиришга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Бу борада Р.Т.Гамидов криминологияда қабул қилинган таснифга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳаётига ҳужумларнинг олдини олишнинг уч турга ажратишни тавсия этган: умумий ижтимоий, махсус криминологик ва индивидуал.
Биз ҳам юқоридаги фикрларга қўшилган ҳолда ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш чора-тадбирларини қуйидаги уч йўналишда олиб бориш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз, яъни: ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ташкилий тузилмаси, жиноятларнинг махсус криминологик профилактикаси.
Умуман олганда, юқорида келтириб ўтилган таҳлиллар бугунги кунда ҳуқуқий табиати, квалификация қилиш ва ҳуқуқни қўллаш муаммоларини чуқур назарий таҳлил қилиш, шунингдек, жиноят ҳуқуқи нормаларини (ЖК 219-м.) такомиллаштириш бўйича илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиш заруратидан далолат бермоқда, яъни ҳокимият вакилига, фуқаровий бурчини бажараётган шахсга, уларнинг яқин қариндошларига нисбатан зўрлик ишлатиш орқали содир этилишини инобатга олиб алоҳида моддага ажратиш мақсадга мувофиқ.
“2191-модда. Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ёхуд уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш мақсадида, худди шунингдек хизмат вазифаларини бажарганлиги муносабати билан ўч олиш мақсадида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш, —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ёхуд уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш мақсадида, худди шунингдек хизмат вазифаларини бажарганлиги муносабати билан ўч олиш мақсадида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш орқали содир этилган бўлса, ‒
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
д) бир гуруҳ шахслар томонидан;
е) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса –
саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.
Алимов Обид Захиджанович, Самарқанд вилояти ИИБ ходими (ИИВ Академияси Магистратура тингловчиси)