29 Июн 2020 йил 609

Ҳомиладор аёлини мунтазам калтаклаб келган иштихонлик фуқаро назоратга олинди

Инсон оила аталмиш муқаддас даргоҳга қадам қўяр экан, кўнглидаги энг яхши ниятлар ва орзу-истакларини бўлажак турмуш ўртоғида кўради. Аммо орамизда шундай инсонлар борки, нафақат ожиза хотинига, балки ҳали дунё юзини кўриб улгурмаган фарзандига тазйиқ ўтказиб, калтаклаган ва бу қилмишини ойлар давомида такрорлаб келган.

Иштихон туманида истиқомат қилаётган, 2000 йилда туғилган Х.С. - Азамат маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган Т.Ё.га шу йил бошида турмушга чиққан. Шу вақт ичида Х.С. ҳомиладор бўлишига қарамасдан, эри томонидан доимий равишда калтакланиб келинган. Охири Х.С. бу азоблардан қутулиш ва фарзандини асраб қолиш мақсадида ота-онасининг уйига кетиб қолади. Қизининг бу аҳволини кўрган онаси уни шифохонага олиб бориб даволайди. Аммо ўн кундан ортиқ вақт ўтса ҳамки, куёвдан дарак йўқ. Қизининг аҳволи ҳамда куёвининг муносабатларидан орзу-ҳаваслари пучга чиққан онаизор юқори ташкилотларга мурожаат қилади.

Шундан сўнг ўз турмуш ўртоғи томонидан тазйиққа учраган Х.С.га Ўзбекистон Республикасининг 2 сентябрь кунидаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант М.Примова ва Боғбон маҳалласи профилактика инспектори С.Тошмуродов томонидан номерли ҳимоя ордери берилди. Эр хотинга ҳимоя ордерида белгиланган барча чекловлар ўрнатилди ва тасдиқланди. Маҳалла раиси, ўринбосари ҳамда профилактика инспектори  Х.С. оиласига мураббий этиб бириктирилди.

Жабрланган Х.С. эндиликда турмуш ўртоғи Т.Ё. билан ажрашмоқчи ва эндиликда ўз ота уйида истиқомат қилиш ниятида. Эрининг уйига қайтиш учун унда на соғлик қолди ва на истак.

Матлуба РАББИМОВА.

Text to speech