Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳудудларда криминоген вазиятни илмий ёндашув асосида комплекс ўрганиш ҳамда жиноятчиликни жиловлашга қаратилган янги тизим жорий этиш бўйича ишчи гуруҳи Самарқандда иш бошлади. Шу муносабат билан Ургут туманида йиғилиш ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳудудларда криминоген вазиятни илмий ёндашув асосида комплекс ўрганиш ҳамда жиноятчиликни жиловлашга қаратилган янги тизим жорий этиш бўйича ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида иш бошлади. Шу муносабат билан криминоген вазияти оғир бўлган Ургут туманида йиғилиш ўтказилди.
Хусусан, жиноятлар салмоғи бўйича тоифаларга ажратилган барча маҳаллалар, жиноятларни ҳисобга олиш, терговга қадар текширув ўтказиш ва қонуний ҳал этилиши, йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқлари, йўл-транспорт инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар таҳлил этилади.
Ички ишлар органларининг моддий-техника таъминоти, ходимлар учун яратилган шароитлар, профилактика инспекторларининг иш юкламаси, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишида ҳокимият, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг иштироки ҳамда мазкур ҳамкорлик соҳасидаги муаммоли масалаларни ҳал этишга қаратилган таклифлар тайёрланади. Пробация хизмати ҳисобида турган шахслар билан ишлаш, йирик бозорлар, савдо марказлари ҳамда аҳоли гавжум жойларда содир этилаётган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, содир этилаётган қонунбузарликларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилади.
Шу билан бирга ишсиз, даромадсиз, эҳтиёжманд ҳамда ёрдамга мухтож шахслар билан олиб борилаётган ишлар, ҳудудда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши, ички ва ташқи миграция ва бошқа қатор муаммоли масалалар атрофлича ўрганилади.
Тадбирлар давом этмоқда.