15 Март 2021 йил 692

Пахтачи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғига пора таклиф қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

2021 йил 09 март куни Пахтачи тумани “М.Улугбек” маҳалласида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро А.А. нинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжаликларида ўтказилган тинтув тергов ҳаракатлари давомида, хонадонидан 4.47 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилиб, Пахтачи туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.

Тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.А. билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказиш учун чақиртирилганида, у ишини пул эвазига ижобий ҳал қилиб беришни сўраб, ИИБ ходимига 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган. Ходим унга пора бериш жиноят эканлигини бир неча маротаба тушунтиришига қарамай, А.А. кейинроқ келиб, унга учрашишини айтган.

ИИБ ходими ҳолат юзасидан Бошқарма бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.

Билдиргига асосан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими ходимлари ва Пахтачи тумани прокуратураси томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро А.А. ИИБ ходимига 1000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech