Пайариқ тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосарига пора таклиф қилган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
2021 йил 15 февраль куни Пайариқ тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан Пайариқ туман Кўл тўсин МФЙ, Ўрта тўсин қишлоғида яшовчи, 1992 й.т. К.А.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, оғилхонасида таркибида олтин рўдаси бўлиши мумкин бўлган тошларни майдалаётганлиги аниқланиб, расмийлаштирилган.
Фуқаро мазкур ҳолатни расмийлаштирмасдан, ишни ўзининг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш ҳамда таркибида олтин моддаси бўлиши мумкин бўлган тошларни ўзида қолдириш эвазига туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосарига 5000 АҚШ доллари пулларини пора тариқасида беришни таклиф этган.
Ходим пора бериш жиноят эканлиги ҳақида К. га бир неча маротаба тушунтиришига қарамасдан, фуқаро тушликдан сўнг унинг олдига қайтиб келишини айтиб кетган.
Туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Ушбу билдиргига асосан, ИИВ ЎХБ вилоят бўйича бўлими ҳамда туман прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, К.А. ИИБ ходими билан учрашиб, олдиндан келишилган 5000 АҚШ долларидан 1500 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати