Пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди
Мамлакатимизда пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Айниқса, бу матоҳ фавқулодда ҳодисалар, жумладан, ёнғин келтириб чиқариши, одамларга оғир жароҳат етказиши мумкин.
Шуни айтиш лозимки, янги йил байрами арафасида пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъул.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларини кўча-кўйда пуллаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида “KIA Carnival” русумли автомошинанинг юкхонасида фуқаро У.А.га тегишли бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий қиймати 111 миллион сўмга яқин, жами 9 турдаги 56172 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди ҳамда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан дастлабки божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси