"XOMILADOR ICHIB QO'SHNILARNI BOLASINI URADI ERI YO'Q 5 BOLASI BOR LEKIN" номли видео юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2020 йилнинг 02 сентябрь куни YouTube ижтимоий тармоғида "XOMILADOR ICHIB QO'SHNILARNI BOLASINI URADI ERI YO'Q 5 BOLASI BOR LEKIN" номли видеолавҳа тарқалди.
Ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:
2020 йил 06 июнь куни Самарқанд шаҳар “Ал Бухорий” маҳалласи Нарпай кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи 1985 йилда туғилган, фуқаро Ч. ва шу уйнинг бошқа хонадонида яшовчи 1991 йилда туғилган, Ю. ҳамда унинг онаси 1965 йилда туғилган М. ларнинг ўртасида жанжал бўлиб ўтган.
Жанжал юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сон ИИБ ходимлари томонидан текширув ишлари олиб борилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 2020 йил 28 июль куни Каттақўрғон шаҳар маъмурий судга юборилиб, маъмурий суд томонидан уларнинг ҳар бирига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдоридан жарима жазоси тайинланган эди.
Жорий йилнинг 17 август куни улар ўрталарида яна келишмовчилик юзага келган. Ҳолат Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан бевосита ушбу маҳаллага бориб, ўрганилди.
Ҳозирда келишмовчилик юзасидан профилактика инспектори томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига топширилиб, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 1-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати