Самарқанд туманида содир этилган ўта оғир жиноят юзасидан муҳокама ўтказилди
2021 йил 01 февраль куни Самарқанд тумани “Юқори Қайнама” МФЙда яшовчи, М.М. кечки вақти яшаш уйининг кўчага қараган деразаси ёпилмаганлиги сабабли турмуш ўртоғини уриб унга тан жароҳати етказган. Аламзада хотин холасининг уйига кетиб қолган. Эр фарзандларини ўзининг яшаш уйига олиб кетиш учун борган вақтида турмуш ўртоғи ва унинг холаси билан ўрталарида келишмовчилик келиб чиққан. Оқибатда М.М. уларни қасддан ўлдириш мақсадида ўзи билан ёнида олиб келган пичоқ билан хотинининг танасига бир неча маротаба уриб, жароҳатлар етказаётган вақтида холаси уларни ажратган. М. ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда қасддан содир қилган жиноятини оҳирига етказа олмасдан, вояга етмаган фарзанди ҳамда қўлидаги икки дона пичоқларини олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Фуқаролар А. ва Г. лар олган оғир тан жароҳатлари билан РШТЁИМ Самарқанд филиалига ётқизилиб, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда ишда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва ЖПК нинг 227-моддаси тартибида ушланган.
2021 йилнинг 3 январь куни Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратураси, тегишли ташкилотлар ҳамда ИИО Пробация хизмати назоратида турган 200 нафар шахслар иштирокида ушбу мудҳиш жиноятнинг муҳокамаси бўлиб ўтди.
Муҳокамада иштирок этган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари бу каби қабих жиноятни содир этганлар албатта жазосини олиши ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, сўзга чиққан жамоатчилик вакиллари ҳам бу ишларни кескин қоралади.
Айбдор суд залига олиб келинди ва у қилган ишларидан пушаймонда эканлигини билдирди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонийлик қиёфасини йўқотмаслик каби қимматли фикрлар ҳам айтиб ўтилди.
Ачинарлиси, айбланувчи шахс пробация назоратида турган. Оиладаги носоғлом муҳитни барқарорлаштириш борасида мутасаддилар томонидан ишлар талаб даражасида олиб борилмаган. 2021 йил 27 январь куни М.М. унинг турмуш ўртоғи Э.Г. ҳамда холаси А.А.лар туман ИИБга чақиртирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган ва фуқаро Э.Г.га “ҳимоя ордери” берилган.
Йиғилиш сўнгида бу каби мудҳиш жиноятлар содир этилишини олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати