Самарқанд туманида содир этилган жиноят маҳалла аҳолиси ўртасида муҳокама қилинди
2021 йил 01 март куни Самарқанд тумани, “Шўрбойча” МФЙ ҳудудида жойлашган ошхоналарининг бирида фуқаро С. таниши О. билан кечки овқат вақтида, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзаро келишмовчилик оқибатида О. фуқаро С. нинг бош соҳасига стол устида турган ароқ шишаси билан уриб тан жароҳати етказиши натижасида фуқаро вафот этган.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “Д” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур жиноятга сабаб бўлган омиллар кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
Унда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, туман сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар, маҳаллий оммавий ахборот воситалари, марҳум ва айбланувчининг яқин қариндошлари иштирок этишди.
Муҳокамада ҳудуд профилактика инспекторлари, маҳалла раислари ва бошқа масъул шахслар томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларнинг яшаш тарзи, ижтимоий аҳволи, низоли оилалар, айниқса спиртли ичимликка ружу қўйган, муайян фаолият билан банд бўлмаган фуқаролар билан якка ва жамоавий тарзда суҳбатлар ўтказилмаганлиги, аҳоли ўртасида диний-маърифий, маданий ва ахлоқий тарбия бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари етарли даражада амалга оширилмаганлиги танқид остига олиниб, келгусида шу ва бошқа жиноятларнинг олдини олиш мақсадида тегишли кўрсатмалар берилди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати