Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида 2020 йил сарҳисобига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Дониёр Кадиров иштирокида йил якуни – 2020 йил сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шавкат Рахмонов томонидан 2020 йил давомида вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, содир бўлган жиноятларни иссиқ изида фош этиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ахборот берилди.
Йиғилиш танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди.
Вазир ўринбосари ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, хизматга ва халқига садоқатли бўлиши лозимлигини таъкидлаб, 2021 йилда вилоятда ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар муҳокама қилиниб, ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифалар белгиланди.
Йиғилиш сўнгида Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Д.Б.Кадиров соҳа ходимларига берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажаришга, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда тамомила янгича тизим асосида иш ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати