Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи оқдарёлик ёшлар билан учрашди
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Самарқанд вилояти 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шавкат Рахмонов томонидан ёшлар билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва амалий ёрдам бериш борасида манзилли ишлар олиб борилмоқда.
ИИБ бошлиғи 27 февраль куни Оқдарёда ёшлар билан учрашув ўтказди.
Туман марказидаги мусиқа мактаби биносида ўтказилган учрашувда ИИБ бошлиғи дастлаб, Президентимиз томонидан ёшларга бўлаётган эътибор, берилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида тўхталди. Вилоят ҳамда туман ҳудудида вояга етмаган ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан иштирокчиларга маълумот бериб, ҳар бир жиноятнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароит ва омилларни аниқ таҳлиллар асосида иштирокчилар эътиборига етказди.
Очиқ мулоқот кўринишида ўтган учрашувда ИИБ бошлиғи ёшлар билан суҳбатлашиб, уларни қийнаб келаётган 30 дан зиёд мурожаатларини тинглади.
8 нафар ёшларнинг мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. Қолганларининг ижроси назоратга олиниб, тегишли ташкилот масъуллари зиммасига аниқ вазифалар қўйилди.
Учрашув сўнгида 8 нафар ёшларга ID карталар тантанали топширилди.
Ёшлар муаммоларини ўрганишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати