24 Феврал 2021 йил 630

Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Пайариқда “маҳаллабай” тизим асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берган топшириқлар, шунингдек, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида видео-селектор йиғилишидаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқароларимизнинг осойишталигини таъминлаш борасидаги ишлар "маҳаллабай" ташкил қилинмоқда.

24 февраль куни Бошқарма бошлиғи Пайариқ туманидаги "Хўжа Исмоил" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 18-сон Ички ишлар бўлинмасига  бориб, шу ҳудудда хизмат олиб бораётган ходимлар билан суҳбатлашди.

Ушбу Ички ишлар бўлинмаси 10 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 39855 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бошқарма бошлиғи ИИБ биносини кўздан кечириб, шу ерда хизмат олиб бораётган ходимлар учун муносиб шарт-шароит яратиш лозимлиги бўйича тегишли соҳавий хизмат вакилларига топшириқлар берди. Бўлинма бошлиғига ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарор сақлаш учун нималарга аҳамият бериши, ҳар бир фуқаронинг муаммоларини чуқур ўрганиш лозимлиги хусусида ўзининг тавсияларини берди.

Шунингдек, ўрганишлар давомида ИИБ бошлиғи ҳудудда жойлашган туман ИИБ бошлиғига бириктирилган 88-мактабга ҳам кириб, ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ўқувчилар мактаб кутубхонасида адабиётларни мутолаа қилишлари учун яратилган шароит танқид қилиниб, мактаб маъмурияти ҳамда мактабга бириктирилган ходимларга кутубхона фондини зарурий адабиётлар билан бойитиш бўйича топшириқ берилди.

Ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech