Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Жомбойдаги криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳволини ўрганди
Самарқанд вилояти ҳудудидаги маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқароларимизнинг осойишталигини таъминлаш борасидаги ишлар «Маҳаллабай» давом этмоқда.
23 март куни вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Шавкат Рахмонов Жомбой туманининг криминоген вазияти оғир бўлган «Зарафшон» маҳалласига ташриф буюриб, ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Бошқарма бошлиғи, сектор раҳбарлари, маҳалла масъуллари, профилактика инспектори ҳамда бир гуруҳ фаоллар билан ҳудуддаги криминоген вазиятни таҳлил қилиб, бу борада профилактика инспекторининг таклифларини тинглади. Маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни жиловлаш бўйича алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқиб, ишни кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда тизимли ташкил қилиш лозимлиги бўйича топшириқлар берди.
Шундан сўнг, туман ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги 3-сектор фаолияти ўрганилди. Бошқарма бошлиғи, сектор штаби аъзоларига яратилган шароитлар, фуқароларнинг мурожаатларини ҳал қилиш, “Темир дафтар”, Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. Секторда юритилаётган ҳужжатлар кўздан кечирилди. Шунингдек, аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш борасида фаолият юритаётган касб-ҳунар техникуми фаолияти билан танишиб, бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича таклифлар берди.
Маҳаллабай ўрганиш ишлари бошқа ҳудудларда давом этади.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати