Самарқанд вилояти ИИБ да жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш ва қайд этишнинг автоматлаштирилган "102" ахборот тизими ишга тушди
Мазкур лойиҳанинг ишга тушиши муносабати билан Самарқанд вилоятида марказлашган маълумотлар қабул қилиш тармоғи вужудга келди.
Эндиликда барча уяли алоқа компаниялари ва алоқа тармоқларидан тушадиган хабарлар бевосита call-марказ операторлари томонидан қабул қилиниб, ички ишлар органлари ходимларининг тез фурсатда ҳодиса жойига етиб бориши, тергов-тезкор гуруҳининг ўз вақтида чиқиши ҳамда ҳар бир ҳолат ўрнатилган тартибда электрон журналда қайд этилиши таъминланмоқда.
Операторлар томонидан бир кунда ўртача 1000 дан ортиқ қўнғироқ қабул қилинмоқда. Тизим 24 соат мобайнида узлуксиз фаолият олиб боради. Вақт ва ҳаракат тежалиши ортидан эса, оғир оқибатларни келтириб чиқарувчи салбий ҳолатларни олди олинади.
Унинг имкониятларидан фойдаланиб, куч ва воситаларнинг тўғри тақсимланиши натижасида жиноятларнинг иссиқ изида фош этилишига ҳамда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тез фурсатда тикланишига эришилади. Агарда тизим банд бўлиб, фуқаро мурожаатини йўллаш имконияти бўлмаган тақдирда ҳам автоматик тарзда тизимнинг ўзи фуқарога қўнғироқ қилади.
Фуқаролар билан ижтимоий ҳамкорлик ўрнатилиб, ортиқча оворагарчилигига ҳожат қолмайди. Сабаби, ҳар бир ҳолат тегишли тартибга рўйҳатга олинади.
Лойиҳа, ахборот технологиялари ривожланиб бораётган даврда жамиятимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, унга қарши курашиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янги даврни бошлаб бериши аниқ.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати