25 Декабр 2020 йил 568

Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари микроқарз расмийлаштириб бериш бахонасида пластик карталардан пулларни ечиб олаётган “уддабурон”ни қўлга олди

Пластик картангиз кодини бегона шахсларга берманг

2020 йил 19 декабрь куни Жомбой туманида яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро Самарқанд вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2020 йил 14 октябрь куни турмуш ўртоғига тегишли бўлган телефон аппаратидан телеграмм мессенжерига кириб, микроқарз расмийлаштириб бериш тўғрисида “Микроқарз Админ” номли аккаунтдан келган хабарга жавобан микроқарз расмийлаштириб олмоқчи бўлиб, турмуш ўртоғига тегишли паспорт ҳамда Миллий банк пластик картасини телеграмм орқали жўнатиб, телефонига “OSON” иловаси орқали келган махфий кодни ушбу профил фойдаланувчисига юборгандан сўнг, пластик картадаги жами 4.622.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ечилганганлигини маълум қилган.

Самарқанд вилояти ИИБ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Дам ҚФЙда яшовчи, 1995 йилда туғилган Б.Қ. содир қилганлиги аниқланиб, ушбу шахс Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида қўлга олинди. Ундан 3 дона қўл телефон аппарати, Алоқа банк номига расмийлаштирилган пластик карта далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Пластик картангиз кодини бегона шахсларга берманг.


Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

 

Text to speech